platina.uz
Иқтисод

Тадбиркорларга барча хато ва камчиликларни ихтиёрий тўғирлаш имкони берилади

Айланма солиқдан ҚҚСга ўтадиган корхоналар бир йил давомида фойда солиғидан озод этилади. "Бизнесни 15 дақиқада бошлаш" тамойили йўлга қўйилади. 

Тадбиркорларга барча хато ва камчиликларни ихтиёрий тўғирлаш имкони берилади
Фото: Президент матбуот хизмати.

Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилгани ҳисобига бу солиқ режимида ишлаётган тадбиркорлар сони кун сайин кўпаймоқда.

Лекин, ҳали кўпчилик ҚҚСга ўтсам, ҳисоб-китоб қийинлашади, бухгалтер олишим керак, харажат ошади, деб шубҳаланмоқда.

Шу боис, айланма солиқдан ҚҚСга ўтадиган корхоналар бир йил давомида фойда солиғи тўлашдан озод қилинади, ҳисоботида хатолик бўлса ҳам, жарима қўлланмайди, бухгалтерлар маошининг 5 миллион сўмгача қисми олти ойгача бундай корхона тўлаётган солиқдан чегириб ташланади.

Бугунги кунда солиқ текширувлари бўйича 20 мингдан зиёд тадбиркорларда 16 триллион сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган. Бу минглаб бизнес вакилларининг тадбиркорлик рейтингидаги ўрнига салбий таъсир қилади.

“Шу боис бугун ўзига хос “амнистия” эълон қиламиз, ушбу текширишлар бўйича жазо қўлланмайди. Бунинг ўрнига 1 ноябргача тадбиркорларимизга барча хато ва камчиликларни ихтиёрий тўғирлаш имкони берилади.

Бир сўз билан айтганда, 1 ноябрдан бошлаб бизнес вакиллари тадбиркорлик рейтингини “тоза саҳифадан” бошлайди”,-деди Президент.

Президент яна бир муҳим янгиликни эълон қилди – 2026 йилдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш мумкин бўлади.

Бунда, тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш жараёнининг ўзида:

- электрон рақамли имзо берилади;

- банкда ҳисобрақам очилади;

- хоҳишига кўра ижара шартномаси расмийлаштирилади;

- касса аппарати солиқ органида рўйхатдан ўтказилади;

- шу йўналишга масъул давлат органларига хабарнома жўнатилади.

Натижада бу жараёнлар учун талаб этиладиган муддат ҳозирги 1 ҳафтадан 15 дақиқага қисқаради.

Аввалроқ тадбиркорларга мобил илова орқали тўлов учун универсал QR-код берилиши маълум қилинганди.

Ушбу амалиёт ноябр ойидан ишга туширилади. Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлганлар 1 фоизлик солиқ тўлашга ўтади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid