Президент фармони: тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга 270 трлн сўм йўналтирилади
Шундан тижорат банклари томонидан кичик ва ўрта бизнес учун 250 триллион сўм ажратилади. Давлат кўчмас мулкини ижарага бериш муддати эса 3 йилдан 5 йилгача оширилмоқда.

2026–2027 йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, зарур молиявий ва инфратузилмавий шароитларни яратиш учун жами 270 триллион сўм йўналтирилади.
"Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони эълон қилинди.
2026–2027 йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, зарур молиявий ва инфратузилмавий шароитларни яратиш учун жами 270 триллион сўм йўналтирилади, хусусан:
- эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларининг инфратузилмасини ривожлантириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм;
- драйвер лойиҳалар доирасида – 5 триллион сўм;
- танлаб олинган туман ва шаҳарларни жадал ривожлантириш дастурлари учун – 6 триллион сўм;
- тижорат банклари томонидан кичик ва ўрта бизнес учун – 250 триллион сўм, шу жумладан, тадбиркорлик дастурлари доирасида 30 триллион сўм;
- “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан камида 5 мингта тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун – 4 триллион сўмлик молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари.
2026 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида уларнинг тўлов қобилиятини баҳолаш учун харажатлар, товар айланмаси, экспорт операциялари каби давлат органлари ва хусусий сектор вакилларида шаклланган маълумотлар базаларида мавжуд маълумотлар орқали муқобил скоринг қилиш тизими жорий этилади.
Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун устав капиталида давлат улуши бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш ва ундиришга 2027 йил 1 январга қадар мораторий эълон қилинади.
2026–2028 йилларда жойлаштириш воситаларини ташкил қилиш учун камида 5 минг гектар ер участкаларини электрон онлайн аукционга чиқарилади.
Республика туман ва шаҳарларида (вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган туризм салоҳияти юқори бўлган туман (шаҳар)лар ва туристик зоналар бундан мустасно) жойлашган жойлаштириш воситалари учун туристик (меҳмонхона) йиғимни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби бекор қилинади.
Давлат кўчмас мулкини ижарага бериш муддати 3 йилдан 5 йилгача оширилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб сайёр солиқ текширувини ўтказишда:
-мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади;
- мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
Президент ва тадбиркорлар учрашуви
Президент Шавкат Мирзиёев бугун тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Унда бир қатор янгиликлар эълон қилинди. Жумладан, Тадбиркорларга мобил илова орқали тўлов учун универсал QR-код берилади
Ушбу амалиёт ноябр ойидан ишга туширилади. Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлганлар 1 фоизлик солиқ тўлашга ўтади. Айланма солиқдан ҚҚСга ўтадиган корхоналар бир йил давомида фойда солиғидан озод этилади. "Бизнесни 15 дақиқада бошлаш" тамойили йўлга қўйилади.