АҚШ давлат котиби: Путин Зеленский билан учрашишга рози бўлди
Бу ҳақда Россия раҳбари АҚШ президенти Доналд Трамп билан суҳбатда айтган. Швейцария, агар учрашув ўз ҳудудида бўлса Путинни қамоққа олмаслигини айтди.

АҚШ давлат котиби Марко Рубиога кўра, Путин Зеленский билан учрашувга рози бўлган. Россия ТИВ раҳбари ҳам давлат раҳбари учрашувдан қочмаслигини билдирди.
Россия Украина бўйича музокараларнинг ҳеч қандай форматини рад этмаяпти: на икки томонлама, на уч томонлама, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
Унинг таъкидлашича, ҳар қандай форматнинг мақсади "босқичма-босқич, экспертлар даражасидан бошлаб, сўнгра саммитларга тайёргарлик кўриш учун барча зарур босқичлардан ўтиш" бўлиши керак (ТАСС иқтибоси).
Юқори мансабдор шахслар иштирокидаги ҳар қандай алоқалар жуда эҳтиёткорлик билан тайёрланиши керак , дея қўшимча қилди Лавров.
Владимир Зеленский ва Европа етакчилари билан музокаралар ҳамда Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатдан сўнг АҚШ раҳбари Доналд Трамп Россия ва Украина президентлари учрашувига тайёргарлик бошланганини маълум қилди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг айтишича, Путин Трампга Зеленский билан учрашишга тайёрлигини айтган.
Бироқ, Кремл музокараларда Москва ва Киев вакиллари даражасини ошириш ғояси муҳокама қилинганини айтмоқда, Россия президентининг Украина билан учрашишга тайёрлигини на инкор, на тасдиқлаяпти.
Ғарб томони эса эҳтимолий учрашув жойи сифатида Швейцария ёки Италияни таклиф этди.
Швейцария Путинга “тинчлик конференциясига келса” дахлсизлик ҳуқуқини беради”, деди мамлакат ТИВ раҳбари Иняки Кассис. 2024 йилда ҳукумат халқаро ҳибсга олиш ордери остидаги шахсга иммунитет бериш қоидаларини белгилади, дея қўшимча қилди у.
"Бу шахс шахсий сабабларга кўра эмас, балки тинчлик конференциясига келади", деди Швейцария ташқи ишлар вазири.
Франция раҳбари Эммануэл Макрон аввалроқ Женевада Путин ва Зеленскийни учрашишга чақирган эди. Швейцария 2023 йилда Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган Халқаро жиноий суд юрисдиксиясини тан олган 125 та давлат қаторига киради. Москва Халқаро жиноят судининг қарорларини тан олмайди.
Украина атрофидаги вазият
15 август куни Путин ва Трамп Аляскада учрашди. Учрашувда айтарли келишувлар бўлмади.
18 август куни Трамп Зеленский ва Европа лидерлари билан кўришди.