Исроил пойтахтида юз минглаб кишилар намойишга чиқди
Намойишчилар ҳукуматдан Ғазодаги урушни тўхтатиш ва ҲАМАС билан келишишни талаб қилмоқда.

Исроил пойтахти Тел-Авивда бир неча юз минг киши ҳукуматдан ҲАМАС билан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришишни талаб қилиб митингга йиғилди, деб ёзади The Times of Israel.
Намойишчилар “Гаров майдони” ва унинг атрофидаги кўчаларда тўпланишди.
Дастлаб майдонга 150 мингга яқин одам келган. Уларга яна 70 мингга яқин киши қўшилди, улар гаровга олинганларнинг оила аъзолари билан биргаликда “Савидор Мерказ” вокзалидан митинг ўтказиладиган жойга боришди. Улар орасида исроиллик машҳур актриса Гал Гадот ҳам бор, деб ёзади нашр. Кейинчалик йиғилганлар сони кўпайди. Қуддусда Исроилнинг собиқ президенти Реувен Ривлин гаровга олинганларни озод қилиш ва ҲАМАС билан келишувга эришиш учун намойишга қўшилди.
Намойишчилар ҳукуматнинг Ғазо секторидаги урушни кенгайтириш қарорига қарши ва ҲАМАС қўлида бўлганларни қайтариш бўйича музокаралар ўтказиш тарафдори.
Айни пайтда 12-канал (Channel 12)нинг Исроил расмийсига асосланиб хабар беришича, мамлакат расмийлари ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича қисман келишув тузиш имкониятини кўриб чиқиши мумкин.
"Исроил ҳозирча фақат кенг қамровли келишувга эришиш учун ҳаракат қилишга тайёр. Аммо урушнинг тугаши билан боғлиқ ҳал этилмаган масалалар жуда кўп. Агар ҲАМАС биз учун мақбул шартлар бўйича қисман келишувга рози бўлса, қизил чизиқ бирдан ўзгариб кетса, ҳайрон бўлманг", - деди расмий.
13-канал (Channel 13) эса бош вазир Бенямин Нетаняху ҲАМАС билан “босқичма-босқич” келишувни муҳокама қилишга тайёрлигини хабар қилди. Телеканал суҳбатдошининг қўшимча қилишича, Исроил расмийлари “ҳали воситачилардан тинчлик лойиҳаси олмаган”.
Манбага кўра, Қатар ва Миср бу жараённи тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Нетаняхунинг ўзи бу маълумотни ҳозирча тасдиқлагани йўқ. Исроил бош вазири "барча гаровга олинганлар бўйича кенг қамровли келишув"ни таъкидлади ва унинг барча талаблари бажарилмагунча урушни тўхтатиш ниятида эмас.
"Ғазода на ҲАМАСга, на Фаластин маъмуриятига алоқадор бўлмаган, Исроил билан тинч-тотув яшайдиган бошқарув органларини ташкил этиш лозим”, — дея Нетаняхунинг шартларидан иқтибос келтиради газета.
Исроилнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҲАМАС тирик гаровга олинганлардан ташқари яна 30 нафар жасадни Ғазо секторидан қайтармаган.
Исроилнинг Ғазо босиб олиш режаси
8 август куни Исроил Вазирлар Маҳкамаси ҲАМАС ҳаракатини “мағлубиятга учратиш” ва Ғазо шаҳрини Исроил мудофаа кучлари назорати остига олиш режасини маъқуллади.
Бу қарор, урушни тўхтатиш бўйича халқаро чақириқлар кучайиб бораётганига қарамай, кўплаб исроилликларнинг ҲАМАС томонидан гаровга олинганлар тақдиридан қўрққан норозиликлари ва мухолифатнинг танқидига қарамай қабул қилинди. Исроил Ғазо шаҳрига қайта-қайта ҳаво ҳужумлари ва рейдлар уюштирган, бироқ у Исроилнинг буфер зонасига айлантирилмаган ёки эвакуация қилинмаган кам сонли ҳудудлардан биридир. AP хабарига кўра, ҳудуддаги йирик қуруқликдаги операция ўн минглаб одамларни кўчириши ва озиқ-овқат етказиб беришга тўсқинлик қилиши мумкин.