ОАВ: Фотиҳ Терим Ўзбекистон терма жамоасида иш бошлаши мумкин
Йоахим Лёв эса ЎФА таклифини рад этган, аммо ташкилот мураббийлар бўйича хабарларга изоҳ бергани йўқ.

Туркия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Фотиҳ Терим Ўзбекистон терма жамоасини бошқариши мумкин. Бу ҳақда Championat.asia нашри хабар берди.
Гап нима ҳақида?
Манбага кўра, Йоахим Лёв ҳамкорлик қилишдан бош тортгач, Ўзбекистон футбол ассоциацияси машҳур мутахассисга таклиф билан мурожаат қилган.
ЎФА Теримни терма жамоа бош мураббийлигига асосий номзод сифатида кўрмоқда. 71 ёшли мураббийнинг ўзи келиб тушган таклифни батафсил ўрганиш ва баҳолаш учун вақт сўраган.
ЎФАнинг ўзи бу хабарларга расмий изоҳ бермади.
Эслатиб ўтамиз, аввал Ўзбекистон термасини словениялик Сречко Катанец бошқариб келгач, у соғлиғидаги муаммолар туфайли истеъфога чиққач Тимур Кападзе бош мураббий этиб тайинланганди.
Йоахим Лёв ва Ўзбекистон термаси
Германия термаси собиқ мураббийи Йоахим Лёв Ўзбекистонда ишлаши мумкинлиги ҳақида анча аввал хабарлар тарқалганди. Лекин яқинда немис мутахассиси Ўзбекистон таклифини рад этгани айтилди.