Ўзбекистонда батарейка, шина, шиша ва бошқа чиқиндилар учун экойиғим жорий этилади
Экология вазирлиги бу масала бўйича президентга тақдимот қилди.

Олти турдаги товарлар учун экологик йиғим жорий этиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 14 август куни президентга тақдим этган тақдимотида акс этган.
Гап нима ҳақида?
Йиғимлар босқичма-босқич киритилади. Биринчи босқичда экойиғимни қуйидаги товарларга жорий этилади:
-батарейка ва аккумуляторлар;
-транспорт воситалари;
-мойлаш материаллари;
-қадоқ маҳсулотлари;
шиналар ва резина камералар;
-шиша маҳсулотлари.
Тақдимотда қайд этилишича, ҳозирда чиқиндиларнинг катта қисми полигонларга юборилади, қайта ишлаш даражаси паст бўлиб, шиналар бўйича 17 фоиз, шиша бўйича 6,3 фоиз, пластмасса бўйича эса 11,2 фоизни ташкил этади.
Йиллик ҳосил бўладиган чиқинди ҳажми пластмасса бўйича 1,8 миллион тонна, электрон чиқинди — 144 минг тонна, шиша — 647 минг тонна, мой — 250 тонна ва резина бўйича 217 минг донани ташкил қилади. Шунингдек, 2035 йилга қадар электр чиқиндилар ҳажми 10 минг тоннага ортиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда йилига 14 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Лекин уларни қайта ишлаш даражаси паст. Сўнгги йиллардаги лойиҳалар натижасида бу энди 5 фоизга етди.
Чиқиндини ёқиш орқали энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Хитойлик инвесторлар 6 та вилоятда шундай заводлар қураяпти. Давлат чиқинди утилизацияси учун уларга тўлов қилиш билан бирга, ҳосил бўлган энергияни сотиб олиш бўйича ҳам мажбурият олаяпти.
Яқинда Тошкент шаҳрида тиббиёт чиқиндисини ёқиб, иссиқлик оладиган иккита корхона ишга туширилди. Яна Самарқандда 2 та, қолган ҳудудларда биттадан шундай заводлар қурилиши мўлжалланган.
Маҳаллага чиқинди техникасининг келиш вақти ва ҳаракатини онлайн кўриш имкониятини яратилади.