platina.uz
Мақола

Нега ҳайдовчисиз автомобилларга ўтишга мажбурмиз?

Чунки одамзот – жуда хавфли ҳайдовчи, унинг қандай қарор қилишини олдиндан айтиб бўлмайди, унинг реакцияси секинроқ ва бошқа автопилотли транспорт воситалари билан алоқа қила олмайди.

Нега ҳайдовчисиз автомобилларга ўтишга мажбурмиз?
Фотоколлаж: Platina.uz

Биз электромобил яхшими ёки ички ёнув двигател ёрдамида ҳаракатланадиган автомобилларда қолиш афзалми, дея баҳслашаётган бир пайтда дунёда яна бир танлов вужудга келди. Автопилотли, яъни ҳайдовчисиз, сунъий интеллект бошқарадиган автомобилларга тўлиқ ўтиш масаласи кун тартибига чиқди.

Айниқса, АҚШда бу масала қизғин мунозараларга сабаб бўлмоқда. Боиси, ҳозирда деярли барча замонавий технология ва ускуналар илк марта АҚШда пайдо бўлади ва кейин дунёга тарқалади. Автопилотли автомобиллар ғояси ҳам илк марта шу мамлакатда ҳаётга татбиқ этилиб, такомиллаштириб борилмоқда.

Инсон омили автоҳалокатлар сабабчиси бўлмоқда

AҚШда ҳар йили ўртача 40 000 га яқин одам йўлларда ҳалок бўлади. Бундан ташқари, 5 млн.га яқин ўлимга олиб келмайдиган жароҳатлар олиб, тиббий ёрдамга муҳтож бўлади. Тўғридан-тўғри тиббий харажатлар 836 миллиард долларни ёки йилига бир америкалик учун тахминан 2700 долларни ташкил этади.

Бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти – тахминан 94 фоизи инсон омили – чарчоқ, ухлаб қолиш, эътиборсизлик, мастлик, тезликни ошириш туфайли содир бўлади. Автопилотдаги автомбиллар чарчамайди, чалғимайди ва йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилади. Бундай машиналар лидарлар, радарлар ва камералар ёрдамида бутун атрофни 360 даражада кўра олади. Уларнинг реакция вақти миллисекундларда ўлчанади, бу эса одамдаги қобилиятдан ўнлаб марта тезроқ деганидир. Улар бир-бирлари билан ҳам ўзаро “мулоқот қила олади” – тирбандликдаги автопилотлар бир-бирларини кескин тўхташ ёки бошқа манёврлар бошланишидан олдин хабардор қилиб, ахборот алмашишлари мумкин. Натижада бахтсиз ҳодисалар ва қурбонлар камаяди, касалхоналар ва тез ёрдам машиналарига эҳтиёж пасаяди. Бундай ҳодисалар учун тўланадиган суғурта пулларининг ҳажми камаяди.

Aвтомобилларни соддалаштириш ва енгиллаштириш

Замонавий автомобиллар жуда оғир. Ушбу вазннинг муҳим қисми фаол ва пассив хавфсизлик тизимлари билан банд. Оғир автомобил йўловчиларини ўлдирмасдан, тўқнашувга бардош бериши керак. Ҳаво ёстиқчалари, қаттиқ ўриндиқлар, майдаланадиган структуравий элементлар, хавфсиз парчаланиб синадиган махсус шиша ойналар, хавфсизлик учун мослаштирилган бамперлар ва бошқалар автомобил вазнини оширади. Кўпроқ оғирлик кўпроқ куч ва энергия – яъни кучлироқ ва оғирроқ мотор талаб қилади, бу эса оғирликни янада оширади.

Шунингдек, автопилот корпуси йўловчиларни кўп тоннали транспорт воситалари билан тўқнашувдан эмас, фақат ёмон об-ҳаводан ҳимоя қилиши кифоя – чунки йўлларда бахтсиз ҳодисалар деярли юз бермайди. Aвтомобиллар бугунги кунга қараганда анча яхшироқ аэродинамик шамойилга киради. Масалан, орқани кўриш учун мўлжалланган ён ойнанинг ўзи ҳавога қаршилик қилгани боис, машинани ортиқча зўриқтириб, ёқилғи сарфини 5 фоизга оширади. Автопилот учун ён ойна керак эмас, демакки аэродинамика яхшиланади. Фақат инсон учун зарур бу каби “ашқол-дашқоллар” автопилотли машинага ўрнатилмаслиги боис, машина вазни енгиллашади. Натижада асфалт ва бошқа қопламали йўлларга босим камаяди, йўллар узоққа чидайди, уларни тез-тез таъмирлашга ҳожат қолмагани боис ортиқча маблағ тежалади.

Вақт – бу пул ва умр, ёки ташвишлар камайиши – соғлик гарови

Ўртача шаҳарлик йилига 300 дан 500 соатгача вақтини фақатгина ишга бориб-келиш учун йўлга сарфлайди. Бу вақтни қимматли, қайтмас ва қанча йиллиги кафолатсиз азиз умримиздан юлиб оламиз. Тирбандликда қолиб асабийлашамиз, диққатимизни йўлга қаратиб чарчаймиз. Автопилот транспорт воситаси эса уй ва иш ўртасидаги шахсий маконингизга айланади. Машина ўзи сизни ишга олиб боради. Сиз бу вақтни ўзингиз учун сарфлайсиз: истасангиз ухланг ёки дам олинг, истасангиз филмлар томоша қилинг, китоб ўқинг, медитация қилинг. Бу вақт автомобил ҳайдашдан кўра мазмунлироқ нарсага сарфланиши мумкин.

Шунингдек, ҳайдовчисиз транспорт воситаларида мунтазам техник хизмат кўрсатиш деярли нолга камаяди – машина юрган дастлабки 100 000 км учун таъмир талаб қилинмайди. Одамлар автотраспорт воситаларини ҳайдашни ўрганиш, йўл ҳаракати қоидаларини ёдлаш ва имтиҳонларни топшириш учун вақт ва маблағ сарфлашлари шарт эмас. Aвтомобилни ювиш, ёқилғи солиш, таъмирлаш, техник кўрикдан ўтиш, ўт ўчириш воситаси ва биринчи тиббий ёрдам тўпламини сотиб олиш ва ҳоказо ташвишлардан қутуласиз.

Ер майдонининг тежалиши

Ҳозирда шаҳарларимизнинг катта ҳудудлари (баъзи маълумотларга кўра, марказларда 30-40% гача) автотураргоҳлар билан банд. Ҳозирда ўртача машина кунига атиги икки соат юради – қолган вақтларда у битта жойда қолиб, ерни бекорга банд қилади. Ҳамма кўчаларимиз, ҳовлиларимиз тўхтаб турган машиналар билан тўлган. Автопилотлар татбиқ этилса, ҳозирда автотураргоҳлар эгаллаб турган катта майдонлар озод қилинади. Уларни боғлар, майдонлар, пиёдалар учун ҳудудлар, велосипед ва югуриш йўлакчалари, кафелар, ўйин майдончаларига айлантириб, шаҳарларни янада яшил ва яшаш учун янада ёқимли қилиш мумкин бўлади. Автопилотли электромобилларга ўтиш эса шаҳарларимизни янада тоза ва тинчроқ қилади.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин: ахир автопилотли машина ҳам барибир жойни банд қилади-ку? Гап шундаки, тўлиқ автоном автомобилларда (SAE шкаласи бўйича 4-5 даража) эгалик қилиш ва фойдаланиш концепцияси одатий шахсий машиналардан тубдан фарқ қилади.

Одатда, машинангиз деярли кун давомида автотураргоҳда туради, чунки у фақат сизга керак, қолган пайтларда эса бекор ётади. Автопилотли автомобилларда эса вазият бутунлай бошқача:

Умумий фойдаланиш (роботакси)

Автопилотли машиналар мажбурий равишда бир “хўжайин”га тегишли бўлиши шарт эмас. Улар такси каби чақирув асосида ишлайди: сизни манзилингизга етказиб қўяди – дарҳол бошқа йўловчига хизмат қилиш учун йўл олади.

Автопилотли машина вақтнинг асосий қисмини ҳаракатда ўтказади, бекор турмайди, шунинг учун сизни уйингиз ёки ишхонангиз ёнида "кутиб ўтириши" шарт бўлмайди.

Марказдан ташқаридаги вақтинчалик тураргоҳлар

Автоном машина “дам олиши” (қувватлаш ёки техник хизмат) керак бўлганида, унинг ўзи ҳар бир қарич ери қиммат бўлган шаҳар ҳудудидан ташқаридаги махсус тураргоҳ ёки қувватлаш станциясига кетади. Шаҳар маркази автотураргоҳлардан бўшайди.

Мобил жойлашув

Истаган пайтингизда автопилотли автомобилни чақириб олиш мумкин бўлгани учун уни уйингиз олдида ушлаб туришнинг ҳожати йўқ. Автопарклар саноат зоналарида, ер остида ёки пиёда ҳудудидан ташқаридаги кўп қаватли тураргоҳларда жойлашиши мумкин.

Автомобиллар сонининг камайиши

Бир роботакси 6-10 та шахсий машинанинг ўрнини боса олади, чунки у кун давомида ишлайди. Машиналар сони камайса, тураргоҳга эҳтиёж ҳам камаяди.

Шу тариқа, автопилотли таксилари ривожланган шаҳарларда тураргоҳларнинг 70-90 фоизини яшил ҳудудлар, велосипед йўлаклари, кафе ҳамда болалар майдончасига айлантириш мумкин бўлади.

Бундай истиқболда автомобил сотиб олиш учун маблағ сарфлаш, олгандан кейин эса унга хизмат кўрсатиш – ювиш, таъмирлаш ва бошқа ташвиш ҳамда харажатлардан фориғ бўласиз.

Автомобиллар камайиши эса экология учун ҳам фойдали – ер ва ҳавога зарарли чиқиндилар таъсири ҳамда инсон саломатлигига зарари камаяди.

Харажатларни тежаш

Автопилотли машиналарга ўтиш – автомобилга эгалик қилиш моделини ҳам ўзгартиради. Шахсий автомобил ўрнига автопилот машинага “обуна” бўласиз, бу катта пул тежайди. Кўп қаватли бинолар остидаги ертўла гаражларини қазиш ёки хусусий уйда гараж учун жой ажратишнинг ҳожати қолмайди (уй-жой нархи пасаяди, тўхташ жойига эҳтиёж йўқолади). Ота-оналар фарзанди учун “шахсий такси ҳайдовчиси” бўлишлари шарт бўлмай қолади. Битта автопилот ўнлаб шахсий автомобиллар ўрнини босиши мумкин, чунки у кечаю кундуз ишлатилади.

Эҳтимол, автопилотларнинг оммавий жорий этилиши жамоат транспортини кераксиз қилиб қўяди – автомобилда сафар қилиш поездлар ва автобусда тиқилиб ва димиқиб юришдан кўра арзонроққа тушади.

Тирбанд бўлмаган йўллар

Ягона, мувофиқлаштирилган оқимда ҳаракатланаётган автопилотли машиналар бир-бирига анча яқинроқ – катта оралиқ сақламасдан ва оптимал тезликда сафар қилишлари мумкин. Бу йўлларни ортиқча кенгайтирмаган ҳолда уларнинг ўтказиш қобилиятини 2-3 баробарга оширади. Хавфли тезлашув ва тормоз беришсиз силлиқ, оптималлаштирилган ҳаракат эса энергия сарфини сезиларли даражада камайтиради. Камроқ тирбандлик – анча юқори тезлик деганидир.

Сиз қайси тарафдасиз?

Умуман олганда, ҳамма жойда учувчисиз транспорт воситаларини жорий қилсак, бизни ажойиб келажак кутмоқда. Келажакда шахсий автомобилга эга бўлиш – бугунги кунда худди шахсий эшак ёки отга эга бўлиш каби архаик рудимент ҳодиса бўлиб қолади. Бундан ташқари, келажакда одам бошқарадиган машиналарга шаҳар кўчаларида ҳаракатланишга шунчаки рухсат берилмайди. Чунки одамзот – жуда хавфли ҳайдовчи, унинг қандай қарор қилишини олдиндан айтиб бўлмайди, унинг реакцияси секинроқ ва бошқа автопилотли транспорт воситалари билан алоқа қила олмайди.

Эски даврларни қўмсайдиган кекса авлод ёки носталгия ишқибозлари бўлган ёшлар эса шаҳар ичида эмас, балки шундай автомобил эгалари учун махсус ажратилган майдонларда сайр қилиб, дрифт қилиб, пойга ўйнашлари мумкин бўлади.

Эҳтимол бундай истиқбол сизга кулгили ва фантастик туюлиши мумкин. Лекин инсон ҳавода парвоз қилиши учун 5000 йил керак бўлган эди: 1903 йил 17 декабрда ака-ука Райтлар одамзот тарихида илк марта сунъий парвоз аппаратида ҳавога кўтарилишди. Одам фазога чиқиши учун эса атиги 58 йил керак бўлди: 1961 йил 12 апрелда Юрий Гагарин Ер орбитасига учиб чиқа олди. Инсоният тараққиёти геометрик прогрессия тарзида ўсиб бораётганини инобатга олсак, сиз ҳозиргина ўқиб, танишган манзарага яқин 10-20 йил ичида ўзингиз гувоҳ бўлсангиз, ажаб эмас.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid