platina.uz
Жамият

ДХХ уч ҳудудда ИИБ ходимларини қўлга олди

Бухорода ички ишлар бошқармаси ходими гумондорга ёрдам бериш эвазига 13 минг доллар олган.  

ДХХ уч ҳудудда ИИБ ходимларини қўлга олди

ДХХ ўтказган тадбирларда уч нафар ИИБ ходими қўлга олинди. Тадбирлар Бухоро, Тошкент шаҳри ва вилоятида бўлиб ўтди.

Гап нима ҳақида?

Бухоро вилоятида ички ишлар бошқармаси ходими ушланган.

У ўзининг мансабдор танишлари орқали Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими иш юритувида бўлган жиноят ишини гумонланувчига нисбатан бўлган қисмини ҳаракатдан тугатишда ёрдам бериши эвазига 13 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар ва прокуратура органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ходим 13 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси қўриқлаш бошқармаси Ангрен шаҳар бўлими сафдор ходими бўлинма командири ўринбосари билан ўзаро тил бириктирган. Улар хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда мансабдор танишлари орқали Оққўрғон туманида яшовчи фуқарони қўриқлаш бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 1500 АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда прокуратура органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда сафдор ходим олдиндан 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХ томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида ИИВ Миграция ва персоналлаштириш Департаменти “Тошкент” халқаро аэропортида паспорт-виза бўлими катта инспектори пора билан ушланди.

У мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда вояга етмаган шахснинг хорижга чиқиш биометрик паспортига уни хорижга олиб чиқиб кетаётган фуқарога ҳамрохлик қилувчи штамп белгисини тезлаштирилган тартибда расмийлаштириб бериш эвазига 400 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, катта инспектор 2025 йилнинг бошидан хозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган 42 нафар чет эл фуқароларининг ҳар биридан 300-700 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, уларга чиқиш визасини ҳамда 8 нафар Ўзбекистон фуқароларига ҳамрохлиқ қилувчи штамп белгисини тезлаштирилган тартибда расмийлаштириб бериш эвазига 200-400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида олганлик ҳолатлари ҳам аниқланди.

Ҳозирда ушбу қонун ҳимоячиларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Тошкент вилоятида МИБ ходими 6 йилга қамалганди. У алиментдан қочган фуқарога ёрдам бермоқчи бўлганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid