platina.uz
Жаҳон

Трамп Путин билан Аляскада учрашишини эълон қилди

Узоқ кутилган учрашувда Украина муаммоси бўйича келишув бўлиши ҳақида фаразлар янграмоқда. 

Трамп Путин билан Аляскада учрашишини эълон қилди

АҚШ президенти Доналд Трампнинг айтишича, унинг Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашуви 15 август куни Аляска штатида бўлиб ўтади.

Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков мазкур маълумотни тасдиқлади.

Гап нима ҳақида?

Трамп президентликка келгач, Украина масаласини ҳал этишга фаол ҳаракат қила бошлади. У олти марта Путин билан телефон мулоқоти ўтказди. Аммо сўнгги пайтларда музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Шундан сўнг, Трамп Путинга 8 августгача муҳлат берди.

6 август куни Трампнинг вакили Стив Уиткофф Москвага боргач, учрашув ҳақида реал гаплар янграй бошлади.

Путиннинг ёрдамчиси Ушаковга кўра, давлат раҳбарлари Россия-Украина можаросини тартибга солиш вариантларини муҳокама қилади.

"Россия ва АҚШ яқин қўшнилар, улар бир-бири билан чегарадош. Ва бизнинг делегациямизнинг шунчаки Беринг бўғози орқали учиб ўтиши ва икки давлат раҳбарларининг Аляскада бўлиб ўтадиган шундай муҳим ва кутилган саммити учун жуда мантиқий кўринади", — деди Юрий Ушаков журналистларга (ТАСС иқтибоси).

Президент ёрдамчиси қўшимча қилганидек, Россия ва АҚШнинг иқтисодий манфаатлари Аляска ва Арктикада кесишади. “Аммо, шубҳасиз, президентларнинг ўзлари Украина инқирозини узоқ муддатли тинч йўл билан ҳал этиш вариантларини муҳокама қилишга эътибор қаратадилар”, — деди у. Ушаковнинг сўзларига кўра, Москва ва Вашингтон яқин кунларни “учрашув параметрларини фаол ва жадал ишлаб чиқишга” бағишлайди.

Кремл, шунингдек, Владимир Путин ва Доналд Трампнинг эҳтимолий иккинчи учрашувини ҳам маълум қилди. Улар уни Россия ҳудудида ўтказмоқчи. Юрий Ушаковнинг айтишича, Москва аллақачон Вашингтонга таклифнома юборган.

Доналд Трамп АҚШ Россия ва Украинага айрим ҳудудларни алмашишни таклиф қилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, яқин ойларда тинчлик шартномаси имзоланиши мумкин.

Зеленский қатнашадими?

Путин ва Трамп учрашувида Украина раҳбари Владимир Зеленскийнинг иштироки ҳам кўп гапириб келинади. Аммо Трамп ўз баёнотида Зеленскийни тилга олмаган. Демак, учрашув катта эҳтимол билан Зеленскийсиз ўтади.

Украина раҳбарининг ўзи эса анчадан буён Путинга юзма-юз учрашув таклиф қилиб келмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid