Бўш иш ўринлари ҳақида мажбурий ҳисобот бериш бекор қилинади
Президент фармони билан иш берувчилар ва ишсизлик нафақаси тўлаш борасида янгиликлар жорий этиляпти.

Энди бўш иш ўринларига бандлик органлари томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун жавобгарлик бекор қилинади.
Бу бўйича “Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–126-сон, 04.08.2025 й.) қабул қилинди.
Гап нима ҳақида?
Фармон билан иш берувчиларга енгиллик бериш кўзда тутилмоқда.
Президент фармонига кўра, қуйидагилар меҳнат муносабатлари ва касбга ўқитиш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналиш ва мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:
- ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларнинг самарали, адолатли ва ўзаро манфаатли тизимини яратиш;
- иш берувчиларнинг эҳтиёжига мувофиқ уларни малакали кадрлар билан таъминлаш тизимини жорий этиш.
2025 йил 1 сентябрдан иш берувчилар учун белгиланган айрим талаблар бекор қилинади:
- бўш иш ўринларига бандлик органлари томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик;
- бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш.
Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Бунда:
- ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг улар 6 ой ичида мурожаат қилганда, уларнинг охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади;
- 1-ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади;
- 2- ва 3- ойларда эса ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади.
Ишсизлик нафақасини такроран белгилашда дастлабки тайинланган нафақани олиш муддати тугагандан сўнг қўшимча равишда камида 12 ойлик иш стажи талаб этилади.