Иссиқ ойларда тонировкани арзонлатишмоқчи
Ҳаводан пул қилишга қаратилган бу тизим бўйича лойиҳа ёзнинг охирги ойида муҳокамага қўйилди.

Ички ишлар вазирлиги май ва ёз ойларида арзонлаштирилган нархда тонировка учун рухсатнома берилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини эълон қилди.
Унга кўра, М1 тоифага оид автотранспорт воситаларининг (енгил автомобиллар) орқа ва олд ён ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун ҳар йили 1 майдан – 31 августгача муддатда бериладиган рухсатномалар тартиби йўлга қўйилади.
Гап нимада?
Ёз фасли иссиқ келадиган Ўзбекистонда тонировка муҳим масала саналади. Сўнгги вақтларда кузатилаётган давомли жазирамалар машиналарда ҳаракатланишни қийинлаштирмоқда.
Таклиф этилаётган лойиҳада рухсатнома нархи жисмоний ва юридик шахслар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорини (412 минг сўм), Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (2 млн 60 минг сўм) миқдорини ташкил этади.
Бунда, қисқа муддатли рухсатнома учун тўлов рухсатнома расмийлаштирилган санадан қатъи назар, тўлиқ ҳажмда амалга оширилади. Лойиҳа муҳокамаси 22 августгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда енгил автомобилларнинг орқа ён ойналарини қорайтириш бепул, олд ён ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома учун эса БҲМнинг 8 баравари (3 млн 296 минг сўм) миқдорида тўлов қилиш керак бўлади.
Рухсатномасиз тонировка учун жарима Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 126-1-моддасига кўра, БҲМнинг 25 баравари (10 млн 300 минг сўм)ни ташкил этади.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда дастлаб 2019 йилда тонировкага рухсат бериш бошланганди. Ўшанда орқа ён ойналарни қорайтириш БҲМнинг 50 баробаригача миқдор (ўша пайтда 11 млн 150 минг сўм)ни ташкил этарди. 2024 йил 1 июлдан бошлаб машиналарнинг орқа ён ойналар тусини ўзгартириш мутлақо текин бўлганди.