Иссиқни енгган ихтиро: Кондиционер қандай пайдо бўлди ва нега XXI асрнинг энг муҳим технологияларидан бирига айланди?
Кондиционер иссиқ уриши, сувсизланиш ва юқори ҳарорат билан боғлиқ хавфларни камайтиришга ёрдам беради. Айниқса ёши катталар, болалар ва юрак-қон томир касалликлари бор инсонлар учун салқин муҳит муҳим аҳамиятга эга. Бироқ нотўғри фойдаланиш айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Ёзнинг чилласида, Ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиб кетган пайтда салқин хона ҳар қандай инсон учун энг роҳатбахш макондек туюлади. Шу боис сўнгги йилларда аномал иссиқ кунлар кўпайиб, кондиционер кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланмоқда.
Бу бежиз эмас. 17 июл - бутун дунёда кондиционернинг туғилган куни сифатида тилга олинади. Айнан 1902 йил 17 июль куни америкалик муҳандис Уиллис Ҳэвиланд Кэрриер ҳавонинг ҳарорати ва намлигини назорат қилувчи биринчи замонавий кондиционер тизимини ишлаб чиққан. Унинг ихтироси дастлаб инсонларни салқинлатиш учун эмас, балки босмахонадаги ишлаб чиқариш муаммосини ҳал қилиш учун яратилган эди. Бир асрдан ортиқ вақт ўтиб эса кондиционер миллионлаб инсонларнинг ҳаёти, меҳнат унумдорлиги ва ҳатто шаҳарлар тараққиётига таъсир кўрсатган технологияга айланди.
Намлик муаммосидан туғилган ихтиро
XX аср бошларида Нью-Йоркдаги босмахоналарнинг энг катта муаммоси иссиқ эмас, балки ҳаводаги намлик эди. Нам ҳавода қоғоз кенгаяр, бўёқ бир текис босилмас ва маҳсулот сифати ёмонлашарди.
1902 йилда 25 ёшли муҳандис Уиллис Кэрриер ҳавони совитиш билан бир вақтда унинг намлигини ҳам бошқаришга қодир тизим яратди. Бу технология совуқ сув ўтказилган қувурлар орқали ҳаводаги ортиқча намликни конденсация қилиш тамойилига асосланган эди. Кейинчалик айнан шу принцип бутун кондиционер саноатининг асосига айланди.
Дастлаб бу қурилма фабрикалар, тўқимачилик корхоналари, дори ишлаб чиқариш заводлари ва босмахоналарда ишлатилди. Чунки бу соҳаларда ҳарорат ва намлик маҳсулот сифатига бевосита таъсир қиларди.

Кондиционер қандай ишлайди?
Кондиционер хонадаги иссиқликни йўқ қилмайди, балки уни ташқарига чиқаради. Унинг асосий қисмлари — компрессор, конденсатор, кенгайтириш клапани ва буғлатгичдан иборат.
Компрессорли кондиционернинг ишлаш жараёни:
Компрессор совутувчи моддани (фреон) сиқади ва уни қиздиради. Қизиб кетган фреон конденсатор орқали ўтиб, иссиқлигини ташқи ҳавога беради. Кейин фреон босими кескин пасайиб, совийди. Буғлатгичда фреон хона ҳавосидан иссиқликни ютиб, уни совутади. Сўнг фреон яна компрессорга қайтиб, жараён такрорланади. Шу тариқа кондиционер хона ҳавосини доимий равишда совутиб туради.

Буғланиш туридаги кондиционернинг ишлаши
Бу турдаги кондиционерда фреон эмас, сув ишлатилади. Вентилятор иссиқ ҳавони нам фильтрлар орқали ўтказади. Сув буғланганда ҳаводан иссиқликни олади ва хонага салқин ҳаво киради.
Бундай кондиционернинг афзалликлари шундаки, у электр энергиясини жуда кам сарфлайди, тузилиши содда, хонага доим тоза ташқи ҳаво киритади.
Камчиликлари эса - нам иқлимда яхши самара бермайди. Хона ҳавосининг намлигини оширади. Ишлаши учун доимий сув таъминоти керак.
Кондиционернинг тарқалиши
Кондиционер оммавий ҳаётга кинотеатрлар орқали кириб келди. 1925 йилда Нью-Йоркдаги Риволи театри кондиционер ўрнатилган илк машҳур кинотеатрлардан бири бўлди. Ёзнинг жазирама кунларида минглаб одамлар фильм кўришдан ҳам кўра, салқин ҳавода дам олиш учун кинотеатрга кела бошлади.
Бу ҳолат "ёзги блокбастер" маданиятининг шаклланишига ҳам туртки бергани ҳақида тарихчилар кўп ёзади. Кейинчалик меҳмонхоналар, офис бинолари, савдо марказлари ва уй-жойларда ҳам кондиционерлар кенг тарқалди. 1950–1960 йилларга келиб АҚШда кондиционер уй-рўзғор техникасига айланди. Бугун эса бу мамлакатдаги уйларининг аксарияти кондиционер билан жиҳозланган.

Нега баъзи давлатларда тезроқ тарқалди?
Кондиционердан фойдаланиш даражаси иқлим, иқтисодиёт ва турмуш тарзига боғлиқ.
АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларида кондиционерлар деярли ҳар бир бинода мавжуд. Бу давлатларда юқори ҳарорат ва иқтисодий ривожланиш ушбу технологиянинг оммалашишига хизмат қилди.
Европада эса узоқ йиллар иқлим нисбатан салқин бўлгани учун кондиционерларга эҳтиёж камроқ эди. Бироқ сўнгги ўн йилликларда иссиқ тўлқинлари кўпайиши натижасида Франция, Испания, Италия ва Германияда ҳам кондиционер бозори тез ўсмоқда.
Ўзбекистонда эса кондиционерлар илк бор совет даврида давлат муассасалари ва йирик ташкилотларда қўлланилган бўлса, мустақилликдан кейин уй-жойларда ҳам кенг тарқала бошлади. Бугун инвертор технологиясига эга энергия тежамкор моделларга талаб ортиб бормоқда.
Автомобилларга кўчган қулайлик
Кондиционер Америкада ихтиро қилиниб, шу ерда автомбилларга ҳам ўрнатила бошланди. Автомобил ва унда ҳаракатланиш америкаликларнинг турмуш тарзи ва маданиятидан мустаҳкам ўрин олгани боис, 1933 йилда АҚШда биринчи марта автомобиллар учун кондиционер ўрнатиш тизимлари Нью-Йоркдаги компаниялардан бири томонидан буюртма асосида ўрнатиладиган қўшимча жиҳоз сифатида таклиф қилинди. Ўша вақтга келиб кондиционерлар Америка осмонўпар биноларида одатий жиҳозга айланган эди. Асосан, улар энг қиммат ва ҳашаматли лимузинларга ўрнатиларди.
Завод комплектациясида кондиционер тизими билан жиҳозланган биринчи автомобиль 1939 йилги Packard модели бўлди. Ўша пайтда кондиционер ўрнатиш - 274 АҚШ долларига анрхланган. Бу маблағ ўша даврда янги тўлиқ ўлчамли енгил автомобил нархининг тахминан учдан бир қисмига тенг бўлган. Масалан, 1939 йилда Ford автомобилининг нархи 742 АҚШ долларидан бошланган.
Капот остида ва салонда жойлашган кондиционер агрегатларидан ташқари, ушбу тизим юкхона ҳажмининг ярмини эгаллар, самарадорлиги паст бўлиб, ҳатто термостат каби энг содда автоматик бошқарув воситаларига ҳам эга эмас эди. Бундан ташқари, ундан фойдаланиш жуда ноқулай бўлган: кондиционерни ишга тушириш учун капотни очиб, компрессор шкивига тасмани қўлда кийдириш талаб этиларди.

Шу сабабли бу қўшимча жиҳоз кенг оммалашмади ва 1941 йилдан кейин уни таклиф қилиш тўхтатилди. Бироқ ўша йилнинг ўзида шунга ўхшаш тизимни Cadillac ҳам тақдим этди. 1941–1942 модель йилларида кондиционер Chrysler компаниясининг энг қиммат моделлари учун қўшимча жиҳозлар рўйхатига киритилган бўлса-да, ўша даврда кондиционер билан жиҳозланган камида битта автомобиль сотилгани ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас.
Оддий совутгич эмас
Замонавий кондиционер фақат ҳавони совутмайди.
У ҳаводаги намликни меъёрлаштиради, чанг ва аллергенларни фильтрлайди, айрим моделлар бактерия ва вирусларнинг маълум қисмини ушлаб қолиш имконига ҳам эга. Кўплаб инвертор кондиционерлари қишда иситиш вазифасини ҳам бажаради.
Сунъий интеллект элементлари билан жиҳозланган янги моделлар хонада одам бор-йўқлигини аниқлайди, электр сарфини автоматик бошқаради ва смартфон орқали масофадан туриб назорат қилинади.
Кондиционер ҳаётимизни қандай ўзгартирди?
Иқтисодчилар кондиционер XX аср иқтисодиётига энг катта таъсир кўрсатган ихтиролардан бири деб ҳисоблайди.
Агар кондиционер бўлмаганида, АҚШнинг жанубий штатлари, Форс кўрфази мамлакатлари ёки Сингапур каби иссиқ иқлимли ҳудудларда бугунги осмонўпар бинолар, замонавий офислар ва дата-марказларнинг ривожланиши анча қийин кечган бўлар эди.
Шифохоналарда операция хоналари, лабораториялар, сервер марказлари, электрон микрочиплар ишлаб чиқариш корхоналари ҳам аниқ ҳарорат назоратисиз самарали ишлай олмайди.
Фойдаси ҳам, зарари ҳам бор
Кондиционер иссиқ уриши, сувсизланиш ва юқори ҳарорат билан боғлиқ хавфларни камайтиришга ёрдам беради. Айниқса ёши катталар, болалар ва юрак-қон томир касалликлари бор инсонлар учун салқин муҳит муҳим аҳамиятга эга.
Бироқ нотўғри фойдаланиш айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳароратнинг жуда паст қилиб қўйилиши организм учун кескин ҳарорат фарқини юзага келтиради. Вақтида тозаланмаган фильтрлар эса чанг, замбуруғ ва бактерияларни тўплаб, ҳаво сифатини ёмонлаштириши мумкин.
Мутахассислар ташқи муҳит билан хона ҳарорати ўртасидаги фарқни 6–8 даражадан оширмасликни, фильтрларни мунтазам тозалашни ва техник хизмат кўрсатишни тавсия этади.
Экология учун таҳдид
Кондиционерлар инсонга қулайлик яратса-да, улар электр энергиясининг йирик истеъмолчиларидан бири ҳисобланади. Иссиқ мамлакатларда ёз ойларида электр тармоқларига тушадиган юкламанинг катта қисми айнан кондиционерлар ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, эски русумларда қўлланилган айрим совутгич газлари озон қатламига зарар етказган. Шу сабабли бугун ишлаб чиқарувчилар R32 каби нисбатан экологик хавфсиз совутгич агентларга ўтмоқда. Энергия тежамкор инвертор технологиялари ҳам электр сарфини сезиларли камайтирмоқда.
Келажак кондиционерлари қандай бўлади?
Мутахассислар келажакда кондиционерлар янада "ақлли" бўлишини таъкидлайди. Улар хонадаги одамлар сонига қараб ишлайди, об-ҳаво маълумотлари билан интеграциялашади, қуёш энергияси билан ишлайдиган моделлар кўпаяди. Олимлар магнитли совитиш каби компрессорсиз технологиялар устида ҳам изланишлар олиб бормоқда.
Хулоса
1902 йилда босмахона учун яратилган ихтиро бугун инсониятнинг энг муҳим маиший технологияларидан бирига айланди. Кондиционер фақат қулайлик эмас — у соғлиқни сақлаш, саноат, тиббиёт, ахборот технологиялари ва замонавий шаҳарлар инфратузилмасининг муҳим қисми ҳисобланади.
Глобал иқлим ўзгариши ва иссиқ тўлқинлари кучайиб бораётган бир даврда кондиционерларга эҳтиёж янада ортиши кутилмоқда. Бироқ бу жараён энергия тежамкор технологиялар, экологик хавфсиз совутгичлар ва оқилона фойдаланиш маданиятини ҳам талаб қилади.
Шу маънода, 17 июль нафақат бир ихтирочининг муваффақиятини, балки инсониятнинг иқлим шароитига мослашиш йўлидаги энг муҳим технологик ютуқларидан бирини эслаш кунидир.
Абулфайз Сайидасқаров
