UzAuto Motors'нинг соф фойдаси сезиларли миқдорда камайди
Жорий йилнинг дастлабки олти ойида компания 1,4 триллион сўм соф фойда кўрган.

2025 йилнинг январ-июн ойларида UzAuto Motors компаниясининг соф фойдаси сезиларли даражада камайди. Бу ҳақда компаниянинг ярим йиллик ҳисоботига асосланиб Pinkod хабар берди.
Ҳисоботга кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида компания 1,4 триллион сўм соф фойда кўрган. Гарчи бу кўрсаткич ҳажм жиҳатидан катта кўринса-да, ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда 526 миллиард сўмга ёки 27,5 фоизга кам.
Мазкур даврда маҳсулот сотувидан тушган соф тушум 21,2 триллион сўмни ташкил этди. Бу эса ўтган йилнинг мос давридагидан камроқдир. Таққослаш учун, 2024 йилнинг биринчи ярмида компания 23,4 триллион сўм тушум олган эди. Шундай қилиб, компания йил давомида 2,2 триллион сўмга кам маҳсулот сотган.
Шу билан бирга, компаниянинг тақсимланмаган фойдаси 2 триллион сўмдан кўпроққа ошиб, 11,2 триллион сўмга етди.
Маҳсулот ишлаб чиқариш таннархи эса 6,36 фоизга камайиб, 17,7 триллион сўмни ташкил этди.
Жами харажатлар деярли ўтган йилги даражада қолди — 2,33 триллион сўм (–2,2%). Харажатлар қуйидагича тақсимланган:
Сотув харажатлари — 645 миллиард сўм (–4,2%)
Бошқарув харажатлари — 755,6 миллиард сўм (–4,6%)
Бошқа операцион харажатлар — 935,4 миллиард сўм (+1,1%).