Чорвоқда курорт қуриш бўйича жиддий талаблар ишлаб чиқилди
Озарбайжон компанияси у ерда янги туризм ҳудуди қуриб, атроф-муҳитга жиддий зарар етказиши мумкинлиги кенг муҳокама қилинаётган эди.

Сўнгги ойларнинг энг муҳокамада бўлиб турган мавзу – Sea Breeze лойиҳаси юзасидан ҳукумат қарори қабул қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев маълум қилди.
Жумладан, Тошкент шаҳрини ичимлик суви билан таъминловчи Чорвоқ ва Чирчиқ дарёсига сув туширилмайди. Инвестор ушбу лойиҳа учун сувни қайта ишлайдиган ва яна ўзига ишлатадиган замонавий тизим яратади, бу борада харажатлар тўлиқ инвестор ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳукумат қарорида агар қоидалар бузилса ва Чорвоққа бир томчи сув туширилса ҳам, лойиҳа қурилиши тўхтатилиши ҳамда инвестиция шартномаси бекор қилиниб, ер олиб қўйилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Бош прокуратура курорт ҳудудида барча шаҳарсозлик ва экологик меъёрларга риоя этилишини алоҳида назоратга олади. Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратура дастлабки лойиҳа ечимларидан тортиб, объектларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнларнинг шаффофлиги ва қонунийлигини таъминлашга масъул бўлади.