platina.uz
Жаҳон

Исроил Фаластиннинг бир қисмини аннекция қилиш бўйича декларацияни маъқуллади

Ғарбий соҳил дунёнинг аксарият давлатлари (жумладан Ўзбекистон) томонидан Фаластин ҳудуди дея тан олинган.  

Исроил Фаластиннинг бир қисмини аннекция қилиш бўйича декларацияни маъқуллади

Кнессет (яҳудий давлати парламенти) Исроил суверенитетини Яҳудия, Самария ва Иордания водийсига кенгайтириш тўғрисидаги декларацияни маъқуллади. Унда 71 аъзо “ҳа” ва 13 нафари “йўқ” деб овоз берди, деб ёзади The Jerusalim Post.

Ҳужжат матнига кўра, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги бу ҳудудлар “яҳудий халқининг тарихий ватанининг ажралмас қисми” ҳисобланади. Бу ерларда Исроил суверенитетини ўрнатиш мамлакатга “ватандаги яҳудийларнинг мавжудлигини кучайтиришга ва ўз фуқароларини ҳимоя қилишга” ёрдам беради, деб ёзади газета.

Нашрнинг қайд этишича, овоз бериш қонунга ҳеч қандай ўзгартириш киритмаган ва соф декларатив характерга эга. Унинг муаллифлари ўта радикал яҳудий сиёсатчилари эди.

Исроил қонунларига кўра, Шарқий Қуддусдан ташқари Иорданиянинг Ғарбий соҳилидаги ҳудуд “вақтинчалик ҳарбий ишғол” остида. Исроил ҳеч қачон Иорданиянинг Ғарбий соҳилини том маънода аннекция қилганини эълон қилмаган. Бироқ, мамлакат 1967 йилда Олти кунлик урушда ғалаба қозонганидан бери минтақани аҳолиси билан тўлдиришда давом этмоқда.

18 июл куни Германия канцлери Фридрих Мерц Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги ҳудудларни аннекция қилиш оқибатларидан огоҳлантирди.

Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили дунёнинг аксарият давлатлари томонидан тан олинган Фаластиннинг икки қисмидан бири ҳисобланади. 1995 йилдан буён ҳудуд Фаластин миллий маъмурияти томонидан назорат қилинади. Маъмурият раҳбари Маҳмуд Аббос аввалроқ Фаластин маъмуриятининг Ғазо секторига даъвоси борлигини, ҲАМАС гуруҳи тез орада қуролларини ташлаши мумкинлигини айтган эди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid