Исроил Сурия бош штаби қароргоҳига зарба берди
Суриянинг Сувайда провинциясида юз берган можарода ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Исроил маҳаллий друзларга ёрдам бериш баҳонасида вазиятга аралашмоқда.

Исроил мудофаа кучлари Дамашқдаги Сурия бош штаби қароргоҳига зарба берганини маълум қилди. Баёнот Х тармоғида эълон қилинган.
“Исроил кучлари Сурия жанубидаги друзлар тинч аҳолига қарши воқеалар ва ҳаракатларни кузатишда давом этмоқда ва сиёсий раҳбарият кўрсатмаларига мувофиқ ҳудудга зарбалар бермоқда”, дейди яҳудий армияси вакили.
Сурия матбуотига кўра, Исроилнинг Дамашққа берган зарбаси оқибатида икки нафар тинч аҳоли вакили яраланган.
Бир кун аввал Исроил армияси Сурия жанубидаги Сувайда вилоятида ҳукумат кучларига қарши зарбалар берди.
Асосан друзлар истиқомат қиладиган шаҳарчада бадавийлар ва маҳаллий жангарилар ўртасидаги тўқнашувларда 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлган эди. Исроил друзлар озчилигини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилаётганини иддао қилди.
Сувайдадаги тўқнашувлар ўтган йилнинг декабрида Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин мазҳаблараро зўравонликларнинг биринчи мисолидир.