platina.uz
Мақола

Сурия — Туркия ва Исроил ўртасидаги янги рақобат фронти

Исроилнинг Абу ад-Дуҳур ҳарбий аэродромига берган зарбаси Сурия ҳудудига навбатдаги ҳужумдан кўра кенгроқ маънога эга бўлди. Бу зарба Суриянинг келажакдаги ҳарбий-сиёсий архитектураси ким томонидан ва қандай шартлар асосида шакллантирилиши масаласидаги чуқур қарама-қаршиликни намоён қилди. Гап Сурия, Туркия, Исроил ва минтақада ўз манфаатлари мувозанатини ўрнатишга интилаётган ташқи кучлар ўртасидаги рақобат ҳақида бормоқда.

Сурия — Туркия ва Исроил ўртасидаги янги рақобат фронти

Авиабазага зарба можароси

18 август куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Суриянинг Идлиб вилояти шарқий қисмида жойлашган Абу ад-Дуҳур авиабазасига қатор зарбалар берди. Reuters ва Сурия давлат телевидениеси маълумотларига кўра, аэродромнинг учиш-қўниш йўлаги ҳамда айрим омбор объектларига саккизта зарба берилган. Ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Фуқаролик уруши йилларида база жиддий зарар кўрган ва узоқ вақт давомида тўлиқ фаол ҳарбий аэродром сифатида ишлатилмаган.

Бироқ ҳужумнинг аҳамияти унга етказилган моддий зарар билан эмас, Исроил томони билдирган сабаблар билан белгиланади. Исроил раҳбарияти Сурия ҳудудидаги вазият хавфсизлик соҳасидаги мавжуд «статус-кво»ни бузиш даражасига яқинлашганини билдирди. Расмий Тел-Авивнинг даъво қилишича, Дамашқ Туркияга авиабазада ўз ҳарбий кучларини жойлаштириш имконини беришни режалаштирган. Исроил бундан ўз хавфсизлигига бевосита таҳдид келиб чиқиши мумкин, деб ҳисоблаган.

Шунинг учун асосий савол аэродромдаги инфратузилма қанчалик зарар кўрганида эмас. Асосий масала — Туркия Сурияда ҳарбий инфратузилма яратишда қанчалик илгарилаши мумкин эди ва нима учун Исроил бу жараённи куч ишлатиш орқали тўхтатиш зарур, деган қарорга келди?

Бу ерда муҳим талқин муаммоси пайдо бўлади. Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шибаний Дамашқ Исроилга олдиндан хабар берганини, Абу ад-Дуҳурда Туркиянинг доимий ҳарбий базасини ташкил этиш режалаштирилмаганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, объект Сурия суверенитети остида қолиши керак эди. Шунингдек, Сурия ва Исроил ўртасидаги алоқалар зарбадан олдин ҳам давом этган.

Бундан ташқари, АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак Америка разведкаси Исроил таянаётган Туркиянинг ушбу ҳудудда ҳарбий кучларини жойлаштириш ҳақидаги маълумотларни тасдиқламаганини билдирди. Ҳужумдан кейин Вашингтон Исроил, Туркия ва Сурия ўртасида ҳарбий тўқнашувларнинг олдини олишга қаратилган махсус механизм яратиш ташаббусини илгари сурди.

Шунинг учун «Исроил Туркия базасини бомбардимон қилди», деган қатъий хулоса ҳозирча факт сифатида қабул қилиниши мумкин эмас. Аниқроқ таъриф қуйидагича бўлади: Исроил Суриянинг ҳарбий аэродромига зарба берди, чунки Тель-Авив ушбу объект келажакда Туркиянинг Суриядаги ҳарбий инфратузилмасининг бир қисмига айланиши мумкин, деб ҳисоблади. Бу икки баёнот ўртасида принципиал фарқ бор.

Нега Туркия Исроил учун муаммога айланди?

Башар Асад режими қулаганидан кейин Туркия янги Сурия раҳбарияти — президент Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги ҳукуматнинг асосий ташқи таянчларидан бирига айланди.

Анқара Сурия давлатчилигини қайта тиклаш, мамлакат инфратузилмасини реконструкция қилиш ва хавфсизлик ҳамда ҳарбий тузилмаларни қайта ташкил этиш жараёнларини қўллаб-қувватлади. Туркия, шунингдек, Сурия ҳарбийларини тайёрлаш ва маслаҳат бериш вазифаларини ҳам ўз зиммасига олди.

Бу Туркия учун бир нечта стратегик мақсадларни англатади.

Биринчидан, ўз чегаралари хавфсизлиги. Анқара Суриянинг шимолида курд ҳаракатлари билан боғлиқ қуролли тузилмалар томонидан таҳдид сифатида кўриладиган тизим шаклланишига йўл қўймасликка интилади.

Иккинчидан, Суриянинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш. Туркия нуқтаи назаридан кучли марказий Сурия давлати чегараларни яхшироқ назорат қилиши, қуролли гуруҳларни чеклаши ва хавфсизлик бўшлиғини бартараф этиши мумкин.

Учинчидан, минтақавий таъсир. Сурия Туркия учун нафақат бевосита ҳарбий-стратегик аҳамиятга эга. У Левант минтақасида Анқаранинг сиёсий таъсирини кучайтириш, транспорт ва савдо алоқаларини ривожлантириш ҳамда янги минтақавий мувозанатни шакллантириш имконини беради.

Шу сабабли Туркия Сурияда фақат айрим ҳарбий объектларни сақлаб қолишдан эмас, балки янги Сурия давлатчилиги Анқара билан яқин ҳамкорликда ривожланишидан манфаатдор. Исроил эса бу истиқболга бутунлай бошқача нуқтаи назардан қарайди.

Эрон таҳдидидан Туркия омилигача

Кўп йиллар давомида Исроил учун Сурия йўналишидаги асосий ташқи рақиб Эрон эди. Исроил Эроннинг ҳарбий ҳузури, қурол-яроғ етказиб бериш тармоқлари ва Теҳрон билан иттифоқчи бўлган қуролли гуруҳлар инфратузилмаси деб ҳисобланган объектларга мунтазам зарбалар бериб келди.

Ассал режимининг қулаши билан вазият ўзгарди. Эрон Суриядаги аввалги имкониятларининг катта қисмини йўқотди. Айни вақтда Туркиянинг таъсири кескин кучайди. Бу эса Исроил олдида янги стратегик муаммони пайдо қилди. 2025 йил февралида Reuters Исроил Вашингтонда Суриядаги Россия ҳарбий базаларини сақлаб қолиш масаласини илгари сурганини хабар қилган эди. Манбаларга кўра, Исроил Россиянинг ҳузурини Туркиянинг кучайиб бораётган таъсирига қарши муайян мувозанат омили сифатида кўрган. Демак, ҳозирги қарама-қаршилик 18 август куни пайдо бўлмаган. Абу ад-Дуҳур воқеаси унинг очиқ намоён бўлиш нуқтаси бўлди, холос.

Исроилни муайян авиабазанинг ўзи эмас, балки Сурияда мустақил ҳарбий инфратузилма ва Дамашқ билан яқин муносабатларга эга кучли минтақавий давлатнинг пайдо бўлиши кўпроқ ташвишга солмоқда. Туркия эса, аксинча, янги Суриянинг давлат институтлари, жумладан, тўлақонли қуролли кучларга эга бўлишидан манфаатдор.

Шундай қилиб, икки хил ёндашув тўқнашмоқда. Туркия концепцияси: Анқара билан яқин алоқада бўлган кучли ва ҳудудий жиҳатдан яхлит Сурия. Исроил концепцияси: ҳарбий салоҳияти Исроилга янги таҳдид туғдирмайдиган чекланган Сурия. Асосий зиддият ана шунда.

Нега Исроил куч ишлатишга қарор қилди?

Reuters маълумотларига кўра, ҳужумдан бир неча кун олдин Моссад раҳбари Роман Гофман Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шибаний билан телефон орқали мулоқот қилган. Музокараларда Туркиянинг ҳарбий ҳузури, эҳтимолий қурол-яроғ етказиб бериш ва Сурия армиясида учувчисиз тизимлардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинган.

Демак, ҳужум бутунлай кутилмаган қарор бўлмаган. Исроил дастлаб дипломатик каналдан фойдаланган, кейин эса ҳарбий сигнал беришга ўтган. Исроил мудофаа вазири Исроил Кац мамлакат армияси Туркиянинг режалари ҳақида разведка маълумотларини олганини ва зарба беришни тавсия қилганини билдирди. Унинг версиясига кўра, Сурия томони огоҳлантирилганидан кейин бош вазир ва мудофаа вазири операция ўтказишга рухсат берган.

Бу ерда Исроил стратегиясининг муҳим элементи - таҳдид реал воқеликка айланишидан олдин уни бартараф этиш ҳаракати намоён бўлади. Исроил нуқтаи назаридан Сурияда Туркиянинг ҳарбий объекти пайдо бўлиши келажакдаги таҳдид сифатида бугунги мавжуд объектдан ҳам хавфлироқ бўлиши мумкин.

Бироқ бундай стратегия жиддий муаммони ҳам келтириб чиқаради. Агар бир давлат бошқа давлат ҳудудига ўзининг разведка баҳосига асосланиб превентив зарбалар бериш ҳуқуқини ўзлаштирса, бу хавфли прецедентни юзага келтиради. Айниқса, мазкур ҳолатда АҚШ разведкаси Исроилнинг дастлабки баҳосини тасдиқламагани вазиятни янада мураккаблаштиради.

Нега зарба Туркия учун айниқса оғир сигнал бўлди?

Туркия Сурия ҳудудида Исроилнинг ҳарбий инфратузилмага зарба беришини бефарқ қабул қила олмайди. Айниқса, агар ушбу инфратузилма Анқаранинг Дамашқ билан ҳарбий ҳамкорлиги доирасида кўрилаётган бўлса.

Анқара учун бу нафақат ташқи сиёсат масаласи. Агар Исроил амалда Сурияда Туркия фойдаланиши мумкин бўлган ҳарбий объектларни белгилаш ҳуқуқига эга бўлиб қолса, бу Туркиянинг стратегик эркинлигини чеклайди. Шунинг учун Анқаранинг муносабати кескин бўлди. Туркия Исроилнинг айбловларини рад этди, уларни асоссиз деб атади ва Исроил ўзининг ноқонуний ҳаракатларини оқлаш учун бу айбловлардан фойдаланаётганини билдирди.

Бу ерда яна бир муҳим омил мавжуд. Сўнгги ойларда Туркия ва Исроил муносабатлари нафақат Сурия, балки Ғазодаги уруш сабабли ҳам кескинлашди. Туркия Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини кескин танқид қилмоқда, Исроил раҳбарияти эса Анқарани тобора душманона муносабатдаги минтақавий ўйинчи сифатида қабул қилмоқда. Шунинг учун Суриядаги инқироз аллақачон мавжуд бўлган сиёсий қарама-қаршилик фонида ривожланмоқда.

Исроилнинг хавотири нимада?

Исроил талқинида пайдо бўлган энг муҳим тушунчалардан бири — Туркиянинг Суриядаги ҳузури «босқичма-босқич» кенгайиб бориши хавфидир.

Бу Туркия эртага Сурияда улкан ҳарбий база яратади, дегани эмас. Жараён бошқача кечиши мумкин: аввал аэродромни техник жиҳатдан тиклаш, кейин Сурия ҳарбийларини тайёрлаш, сўнг инструкторлар, дронлар, кузатув тизимлари, логистика инфратузилмаси ва ниҳоят доимий ҳарбий персонални жойлаштириш.

Исроил нуқтаи назаридан айнан шундай жараён расмий равишда «Туркия базаси» деб эълон қилинмасдан туриб ҳам кучлар мувозанатини ўзгартириши мумкин. Бироқ бу ерда қарши далил ҳам бор. Дамашқ ва Анқара учун бундай фаолият Туркия оккупацияси эмас, балки икки суверен давлат ўртасидаги оддий ҳарбий-техник ҳамкорлик сифатида кўрилиши мумкин. Айнан «Сурияда Туркиянинг қай даражадаги ҳузури мақбул?» деган саволга умумий келишув мавжуд эмаслиги хавфли талқинлар учун кенг майдон яратмоқда.

Сурия икки ўт орасида қолди

Энг заиф ҳолатда қолган томон Туркия ҳам, Исроил ҳам эмас — Суриянинг ўзи. Дамашқ бир вақтнинг ўзида бир нечта мақсадга эришишга ҳаракат қилмоқда. У армияни тикламоқчи, давлат назоратини бутун ҳудудга қайтармоқчи, Туркиядан иқтисодий ёрдам олмоқчи, Исроил зарбаларини тўхтатишга эришмоқчи ва Вашингтон билан муносабатларни яхшиламоқчи.

Шу билан бирга, Сурия раҳбарияти Исроил билан хавфсизлик бўйича келишувга эришишдан ҳам манфаатдор. Президент Аҳмад аш-Шараа Сурия тарангликни пасайтириш ва кенгроқ тинчлик учун асос яратишга имкон берадиган хавфсизлик келишувини исташини билдирган.

Бу ерда парадокс юзага келади. Сурия мустақил давлатга айланишга интилади, аммо бунинг учун бир вақтнинг ўзида бир нечта ташқи кучларнинг манфаатларини ҳисобга олишга мажбур. Туркия унга давлат институтларини тиклашда ёрдам бермоқда. Исроил эҳтимолий ҳарбий таҳдидларни чеклашга ҳаракат қилмоқда. АҚШ Туркия ва Исроил ўртасидаги тўқнашувнинг олдини олишга интилмоқда. Сурия эса ана шу манфаатларнинг барчаси ўртасида ўз манёвр майдонини топиши керак.

Вашингтон воситачига айланмоқда

АҚШнинг позицияси айниқса муҳим. Вашингтон Исроил талқинини сўзсиз қўллаб-қувватламади. Аксинча, Том Баррак зарбани кераксиз кескинлашув деб баҳолади ва Исроил, Туркия ва Сурия ўртасида можароларнинг олдини олиш механизмини яратиш зарурлигини таъкидлади.

Бу Трамп маъмурияти учун ниҳоятда мураккаб вазият юзага келганини кўрсатади. Бир томонда — АҚШнинг энг муҳим иттифоқчиларидан бири бўлган Исроил. Иккинчи томонда — НАТО аъзоси ва Вашингтоннинг минтақадаги асосий ҳамкорларидан бири бўлган Туркия. Учинчи томонда — АҚШ минтақавий хавфсизлик тизимига интеграция қилишга ҳаракат қилаётган янги Сурия. Шу сабабли Вашингтон Исроил ва Туркия Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида олдиндан ахборот алмашиши мумкин бўлган механизм яратишдан манфаатдор. Амалда бу икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув хавфини камайтиришга қаратилган «қайноқ линия» яратишни англатади.

Бу жуда муҳим сигнал. Вашингтон Туркия ва Исроил ўртасидаги қарама-қаршиликни энди оддий дипломатик келишмовчилик эмас, балки ҳарбий эскалация манбаи сифатида кўрмоқда.

Ички сиёсий омил мавжудми?

Бу омилни ҳам истисно қилиб бўлмайди. Исроилда сайловлар яқинлашмоқда. Туркия эса Нетаньяху ҳукуматини Исроилга қарши? — аниқроғи, Туркияга қарши риторикадан ички сиёсий мақсадларда фойдаланишда айбламоқда.

Айрим америкалик амалдорлар ҳам зарба беришда сиёсий мотив бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган. Бироқ ҳужумни фақат сайловлар билан изоҳлаш хато бўлади. Туркия масаласида объектив стратегик зиддият мавжуд. Сиёсий риторика бу қарама-қаршиликни кучайтириши мумкин, аммо унинг асосий сабаби йўқолмайди.

Асосий хулоса: гап Суриянинг келажаги учун кураш ҳақида бормоқда

Абу ад-Дуҳур воқеасини анча кенг жараённинг бир қисми сифатида кўриш керак. Ассал режими қулаганидан кейин Сурияда геосиёсий бўшлиқ пайдо бўлди. Илгари Сурия ҳудудида Россия, Эрон, Туркия, АҚШ ва Исроил манфаатлари тўқнашган бўлса, энди мувозанат ўзгармоқда. Россия ўз ҳарбий объектларига қизиқишини сақлаб қолмоқда, аммо унинг имкониятлари чекланган. Эрон аввалги таъсирининг катта қисмини йўқотди. Туркия кескин кучайди.

Исроилнинг иддао қилишича, у янги ҳарбий таҳдид пайдо бўлишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. АҚШ эса барча иштирокчиларни бошқариладиган рақобат доирасида ушлаб туришга интилмоқда. Шу сабабли Сурия Яқин Шарқ сиёсатининг асосий тугунларидан бирига айланмоқда.

Прогноз

Энг эҳтимолли сценарий — тўғридан-тўғри уруш эмас, балки назорат қилинадиган стратегик рақобат бўлади. Туркия Дамашққа қуролли кучларни тайёрлаш, инфратузилмани тиклаш ва давлат назоратини кучайтиришда ёрдам беришда давом этиши мумкин. Исроил эса янги Суриянинг ҳарбий инфратузилмасига амалдаги чекловларни ўрнатишга интилади. Айниқса Туркия томонидан фойдаланилиши мумкин бўлган объектлар Тель-Авив учун алоҳида аҳамият касб этади. Бироқ Туркия билан очиқ боғлиқ бўлган объектларга тўғридан-тўғри зарбалар бериш тобора хавфли бўлади.

Кейинги босқич, эҳтимол, авиация зарбаларидан кўра кўпроқ дипломатик музокаралар билан боғлиқ бўлади. Вашингтон АҚШ воситачилигида сезгир ҳарбий ҳаракатларни олдиндан мувофиқлаштириш имконини берадиган уч томонлама механизм яратишга ҳаракат қилади. Бироқ бу механизм асосий қарама-қаршиликни бартараф этмайди. Туркия Сурияни кучли давлат ҳамкори сифатида кўришни истайди.

Исроил эса Сурия ҳарбий салоҳияти унга янги таҳдид туғдира олмайдиган даражада бўлишини хоҳлайди. Бу икки мақсад мутлақо бир-бирига зид бўлмаслиги мумкин. Аммо уларни мувофиқлаштириш учун ҳар бир томоннинг масъулият ва таъсир доираларини аниқ белгилаш талаб этилади.

Якуний фикрлар

Абу ад-Дуҳурга берилган зарба бир вақтнинг ўзида икки томонга огоҳлантириш бўлди.

Туркияга Исроил амалда шундай сигнал берди: Сурияда Туркия ҳарбий инфратузилмасининг ҳар қандай жиддий кенгайиши эҳтимолий таҳдид сифатида қабул қилинади ва унга қарши куч ишлатилиши мумкин!

Дамашққа эса Исроилнинг сигнали қуйидагича бўлди: Сурия армиясининг тикланиши Исроилнинг хавфсизликка оид қарашлари ва чекловларидан ташқарида амалга ошмайди.

Бироқ Исроилнинг ўзи ҳам огоҳлантириш олди. АҚШ, Туркия ва Сурия раҳбарияти Исроилнинг Суриянинг ҳарбий келажагини бир томонлама белгилаш ҳуқуқини автоматик равишда тан олмаслигини кўрсатди. Шунинг учун энди асосий масала Абу ад-Дуҳур «Туркия базаси» бўлган ёки бўлмаганида эмас. Бу ҳақда қатъий хулоса чиқариш учун ҳозирча далиллар етарли эмас.

Келажакда эса, агар Туркия Дамашқнинг асосий ҳарбий-сиёсий ҳамкорига айланиш имконига эга бўлса, унинг минтақадаги таъсири сезиларли даражада кучаяди. Агар Исроил АҚШ кўмагида Туркиянинг ҳарбий ҳузурига қатъий чекловлар ўрната олса, Суриянинг тикланиши анча кучли ташқи назорат шароитида кечади.

Шу маънода Абу ад-Дуҳур воқеаси фақат бир аэродром тарихи эмас. Бу Асаддан кейинги Сурия учун кураш янги босқичга — Туркия ва Исроил ўртасидаги стратегик рақобат босқичига кирганининг дастлабки аниқ сигналидир.

Энди масала Суриянинг кўп йиллик уруш меросидан халос бўлиши билангина чекланмайди. Сурия учун асосий вазифа — янги минтақавий куч марказлари ўртасидаги рақобат майдонига айланиб қолмасдан, давлат суверенитети ва мустақил сиёсий мавқеини қайта тиклашдир.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid