Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлашнинг асосий мақсадлари белгиланди
Ҳар йили Олимпия шаҳарчасида "Президент Олимпиадаси" ўтказилади.

Ўзбекистон спортчилари Олимпия ва Паралимпия ўйинларига комплекс тайёрланади.
“2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–221-сон, 08.07.2025 й.) қабул қилинди.
Қуйидагилар Ўзбекистон спортчиларини Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлашнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:
- спортнинг устувор тоифадаги бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, оғир атлетика турлари бўйича медаллар сонини ошириш;
- спортнинг ривожланаётган тоифадаги триатлон, волейбол, стол тенниси, баскетбол, замонавий беш кураш каби 21 та тури бўйича лицензияларни қўлга киритиш;
- халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.
Шунингдек, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида эришган натижалардан келиб чиқиб, спорт турлари устувор, истиқболли ва ривожланаётган тоифаларга ажратилади.
Устувор, истиқболли ва ривожланаётган тоифалардаги спорт турлари рўйхати ҳар 4 йилда Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ўтказилган календар йилнинг якунига қадар қайта кўриб чиқилади ва тасдиқланади.
2025 йилдан ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатларини уч босқичли “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари шаклида ўтказиб бориш тизими йўлга қўйилади.
Ушбу спорт мусобақаларда ёшларни спорт билан доимий шуғуллантириш хизматини кўрсатадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг спорт тайёргарлигига эга бўлган спортчилари иштирок этишади.
Мусобақаларнинг республика финал босқичи ҳар йили Олимпия шаҳарчасида “Президент Олимпиадаси” сифатида ўтказилади.
Мусобақаларнинг республика босқичида сараланган спортчилар қуйидаги спорт-таълим ташкилотларига миллий терма жамоаларга захира сифатида тайёрлаш учун йўналтириб борилади:
- 1- ва 2-ўринларни қўлга киритган спортчилар – Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига;
- 3-ўринни қўлга киритган спортчилар – ҳудудий олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларига.
2025/2026 ўқув йилидан Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўқиш жараёни 2 та босқичда амалга оширилади.
1-босқичда 8–11-синфлар учун Олимпия ва Паралимпия мактаби, 2-босқичда 1–2-курслар учун Олимпия ва Паралимпия коллежи фаолият кўрсатади.
2026 йилдан:
- Марказ ўқувчи-спортчилари контингенти 800 нафарга етказилади;
- Марказнинг Олимпия ва Паралимпия коллежи ўқувчи-спортчиларига Спорт вазирлигининг стипендияси учун назарда тутилган маблағлар доирасида ойлик стипендия таъсис этилади.
Олимпия ўйинлари ва ушбу мусобақа дастурига киритилган спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари олий ҳарбий (ихтисослаштирилган) таълим муассасаларига тўғридан-тўғри қабул қилинади.