3 млрд сўмдан ошиқ харидларда қонунни бузганларга чора кўрилди
"Қизилқум фосфорит комплекси"да бошланғич қиймати тахминан 2 млрд сўмга тенг савдоларда қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Рақобат қўмитаси 3 млрд сўмдан ошиқ харидларда қонунбузилишига йўл қўйган ташкилотларга чора кўрди.
Рақобат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан давлат харидлари соҳасидаги шаффофлик ва рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида ўрганишлар олиб борилди, натижада қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, корпоратив буюртмачилар томонидан давлат харидлари жараёнида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда ҳаракат қилингани маълум бўлди.
Жумладан, “FIRDAVS-N GRAND” МЧЖнинг мурожаати асосида ўтказилган ўрганиш жараёнида “ИССИҚЛИК ТАЪМИНОТИ” МЧЖ томонидан бошланғич қиймати 750 млн сўмга яқин бўлган танлов савдосида қатор қонунбузилиш ҳолатлари содир этилгани аниқланди.
Текширув давомида ушбу танловда иштирокчилар учун рақобатни сунъий равишда чекловчи шартлар киритилгани, танлов ҳужжатларида акс этган талаблар асосида таклифлар тўлиқ ва холис баҳоланмагани, шунингдек, баҳолаш жараёнида қатор хатоликларга йўл қўйилгани тасдиқланди.
Шунингдек, “QIZILQUM FOSFORIT KOMPLEKSI” МЧЖда олиб борилган ўрганиш жараёнида бошланғич қиймати тахминан 2 млрд сўмга тенг бўлган 3 та танлов савдосида ҳам қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди. Ушбу ҳолларда харид жараёнида рақобатни чекловчи талаблар киритилгани, айрим иштирокчилар ўртасида афилланганлик (яъни, ўзаро боғлиқлик ва манфаатдорлик) ҳолатлари мавжудлиги маълум бўлди. Бу эса “Рақобат тўғрисида”ги ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунлар ва уларга мувофиқ қабул қилинган қонуности ҳужжатлар талабларини очиқ равишда бузиш ҳисобланади.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилганлиги аломатлари юзасидан юқоридаги субъектларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Аввалроқ тадбиркорларга белгиланган 2 млрд сўмдан ошиқ қарздорлик бекор қилиниши белгиланганди.