Шавкат Мирзиёев Эрон ва Исроил ўртасидаги тўқнашувларга тўхталди
Эронга нисбатан олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақани уруш гирдобига тортиш, кенг миқёсдаги экологик ҳалокат ўчоғининг вужудга келиш хавфини туғдирган.

Шавкат Мирзиёев Эрон, Фаластин вва Исроил можароси ҳақида тўхталди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида нутқ сўзлади.
Президентнинг айтишича, халқаро ҳуқуқ ва глобал хавфсизлик институтларининг таназзули мулоқот ва ҳамкорликни янада заифлаштириб, куч ишлатиш ва зўравонликка кенг йўл очмоқда.
"Хусусан, ташкилотимиз аъзоси бўлган Эрон Ислом Республикасига нисбатан олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар бутун минтақани уруш гирдобига тортиш, кенг миқёсдаги экологик ҳалокат ўчоғининг вужудга келиш хавфини туғдирди.
Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувни қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу қарорни минтақадаги кескинликни юмшатиш, хавфсизликни тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаймиз", деди давлат раҳбари.
"Биз Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, очлик ва ғайриинсоний шароитдан азоб чекаётган аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатишга ҳеч қандай тўсиқ қўймаслик, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларига мувофиқ мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш тарафдоримиз", таъкидлади Ўзбекистон президенти.
Мирзиёев минтақада янги авиақатновлар йўналишларини очиш, авиакомпаниялар ўртасида инновацион ҳамкорлик шаклларини йўлга қўйиш, туризм ва авиация соҳалари ўртасида маркетинг бўйича интеграциялашган стратегияларни ишлаб чиқиш долзарб вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Ушбу масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Миллий авиакомпаниялар форумини Самарқандда ташкил этишни таклиф этилди.
Ташкилот доирасида чўл ҳудудларида ўрмонлар ташкил қилиш, рекреация зоналарини барпо этиш бўйича Трансчегаравий “яшил дастури”ни ишлаб чиқишни таклиф қилинди.