Тошкент вилоятида кадастр муҳандиси қўлга олинди
У фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ерга гувоҳнома олиб бериш эвазига 1200 доллар сўраган.

Тошкент вилоятида кадастр ходими пора билан қўлга олинди.
Давлат кадастрлар палатасининг Оққўрғон туман филиали кадастр муҳандиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, пора олган. У маҳаллий фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 9 сотих ер майдонига Ўзбекистон Республикасининг 2024 йилдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган
ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни доирасида эгалик гувоҳномасини расмийлаштириб, уй-жой қуриш учун рухсат олиб бериш эвазига 1200 АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ИЖҚК Департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда кадастр муҳандиси сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввал Фарғонада суд варақаси бўйича ижро ҳаракатларини якунлаб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари сўраган МИБ мансабдори ушланганди.