Тошкентда қуйма олтинга ўхшатиб тайёрланган металларни сотаётганлар ушланди
Улар оддий металлга тилла рангини бериш орқали 70 минг долларга пуллаётган бўлган.

Тошкент шаҳрида қуйма олтинга ўхшатиб тайёрланган металларни 70 000 АҚШ долларига сотаётган шахслар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Юнусобод тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун суданган фуқаролар Х.У. ва А.Д. ўзаро тил бириктириб, умумий оғирлиги 2,06 кг. бўлган оддий металлга тилла рангини бериш орқали қуйма олтинга ўхшатиб тайёрланган (“999,9” асллик белгиси тамғаси муҳрланган) металларни фуқаролар М.С ва Р.Л.га 70 000 АҚШ долларига сотишга келишган. Улар ушбу пуллар ҳисобидан 35 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.