Ўзбекистон Исроилнинг Эронга қарши амалиёти сабаб чуқур ташвиш билдирди
ТИВ можаронинг кескинлик даражасини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.

Ўзбекистон ТИВ Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик бўйича баёнот берди.
Ўзбекистон томони инсонларнинг ҳалокатига ва Яқин Шарқда вазиятнинг кескинлашувига олиб келган Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти юзасидан чуқур хавотир билдирган.
"Барча томонларни тўлиқ вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга ва низони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирамиз.
Кенг кўламли тўқнашувга олиб келиши мумкин бўлган жиддий вазиятнинг янада кескинлашуви хавотир уйғотмоқда.
Ўзбекистон минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди ва можаронинг кескинлик даражасини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларга кўмаклашишга тайёрлигини билдиради", дейилади ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 13 июн куни Исроил Эрон ҳудудига зарбалар берди. Оқибатда бир неча киши, жумладан ядро олимлари ҳам ҳалок бўлди.