Асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди
Марказий банкнинг ушбу масала бўйича навбатдаги йиғилиши 2025 йил 24 июл куни бўлиб ўтади.

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.
Жорий йилнинг январ–май ойларида иқтисодиётдаги юқори фаоллик ялпи талабнинг шаклланишида асосий омиллардан бири бўлди. Бу савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмларининг ошиши ҳамда банклараро транзакциялар ҳажми ва кўчмас мулк савдоси битимлари сони ўсишида намоён бўлмоқда.
Шунингдек, иқтисодиётга кредит ажратиш суръатларининг юқори даражада сақланиб қолаётгани ва бюджет харажатларининг ўсиши ҳам иқтисодий фаолликни рағбатлантиришга ҳисса қўшмоқда. Ушбу омиллар келгусида ялпи талабни қўллаб-қувватлаб, иқтисодиётдаги нархлар даражасига босимни кучайтириши мумкин.
Жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар ҳамда халқаро савдодаги кескинликлар натижасида кўп давлатларда пул-кредит шароитлари қатъийлиги узоқроқ давом этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, сўнгги ойлардаги айрим озиқ-овқатлар жаҳон нархлари ўсиши келгусида ички нархларга қўшимча босим яратиши эҳтимоли мавжуд.
Шу ва бошқа сабабларни инобатга олиб, асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилди.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 24 июл кунига белгиланган.