Рақобат қўмитаси "Бадавлат аёл" лойиҳаси бўйича огоҳлантирди
Мижозлар тадбиркорлик, шахсий ривожланиш ва бошқалар бўйича билим беришга қаратилган платформадан фойдаланишда муаммоларга дуч келган.

Рақобат қўмитаси “Бадавлат аёл” лойиҳасида иштирок этиш бўйича огоҳлантирди.
Фуқароларнинг мурожаатлари асосида “Бадавлат аёл” лойиҳасининг фаолияти Рақобат қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижаларига кўра 2-3 йилдан буён фаолият юритиб келаётган мазкур лойиҳа юртдошларимизга, хусусан аёл-қизлар учун оилавий муносабатлар, психология, тадбиркорлик ва шахсий ривожланиш бўйича билим беришга қаратилган таълим платформаси сифатида керакли тавсия ва йўналишлар тақдим этиб келмоқда.
Шунингдек, мазкур лойиҳада иштирокчиларга қулайлик яратиш мақсадида тўловларни “Uzum nasiya” орқали муддатли тўлов шартлари асосида амалга ошириш имконияти ҳам яратилган.
Бироқ Қўмитага келиб тушган 50 га яқин шикоят мурожаатларида фуқаролар қуйидаги жиддий муаммоларга дуч келганликларини билдирганлар:
Дарслар ўз вақтида ташкил этилмаётгани ёки таълим жараёнлари профессионал устозлар томонидан ўтказилмаётгани;
Таълим сифати пастлиги ва ваъда қилинган натижаларга эришилмаётгани;
Ташкилотчилар томонидан тингловчиларнинг эътирозлари эътиборсиз қолдираётганлиги ва қўпол муносабатдалиги;
Эътироз билдирган иштирокчиларнинг платформада блокланиши;
3 ойлаб дарслар ўтказилмаётган бўлса-да, истеъмолчилардан ҳар ойлик тўловлар пластик карталардан автоматик тарзда ечиб олиниши;
Шартномани бекор қилиш жараёни оғирлаштирилгани, айниқса чекка ҳудудлардаги фуқаролар учун Тошкент шаҳрига келиш талаби қўйилганлиги;
Лойиҳага аъзо бўлиш учун Инстаграммдаги саҳифада “битта тугма босиш” кифоя бўлса-да, шартномани бекор қилиш имконсизлиги ва бошқалар.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда, Рақобат қўмитаси мазкур шикоятларни “HELPDESK” МЧЖ (лойиҳа ташкилотчиси) ва “SHAFFOF MOLIYA” МЧЖ (молиялаштирувчи ташкилот) билан биргаликда ўрганиб, уларни ҳал этиш юзасидан ишлар олиб бормоқда.
Шунингдек, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, “Узум насия”га лойиҳа билан ҳамкорлик шартномасини бекор қилиш масаласини қайта кўриб чиқиш бўйича расмий таклиф юборилди.