Путин-Трамп суҳбати: Россия Украинага зарба беришга тайёрланмоқда
АҚШ президенти РФ раҳбари билан мулоқотни "тинчликка яқинлаштирадиган суҳбат эмас" дея тарифлади.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия раҳбари Владимир Путин ўзаро телефон суҳбати ўтказди.
Трампнинг ёзишича, суҳбат яхши ўтган, аммо у "тинчликка яқинлаштирадиган суҳбат эмас". Путин Украина томонидан амалга оширилган йирик операция сабаб жавоб қайтариши лозимлигини таъкидлаб ўтган.
Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра, эса Владимир Путин Трампга Истанбулда бўлиб ўтган Россия-Украина тўғридан-тўғри музокараларининг иккинчи раунди якунлари ҳақида батафсил гапириб берган. "Украина Киев режимининг бевосита буйруғи билан тинч аҳолига қарши мақсадли ҳужумлар уюштириб бу музокараларни бузишга уринган".
"Бу халқаро ҳуқуқ томонидан аниқ терроризм сифатида таснифланади ва бизнинг фикримизча, Киев режими моҳиятан террорчи ташкилотга айланган. Россия томони провокацияларга берилмади - иккинчи раунд, маълумки, Истанбулда бўлиб ўтди" дейилади Россия томони хабарида.
"Президентимиз музокараларнинг мазмун-моҳияти, унинг натижалари ҳақида батафсил тўхталиб ўтганини, умуман олганда, бу музокаралар фойдали бўлганини алоҳида таъкидлаганини яна бир бор таъкидламоқчиман. Ўзаро алмашилган тегишли меморандумлар пойтахтларда – Москва ва Киевда таҳлил қилинади ва шундан сўнг, умид қилганимиздек, томонлар музокараларни давом эттириши мумкин.
Ҳарбий аэродромларга берилган зарбаларга келсак, бу мавзуга ҳам тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, Доналд Трамп америкаликлар бу ҳақда олдиндан хабардор қилинмаганини яна бир бор тасдиқлади.
Табиийки, етакчилар Украина масаласи бўйича, жумладан, энг юқори даражада, шунингдек, бошқа даражаларда ва бошқа каналлар орқали алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Эрон ядровий дастури бўйича АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда бироз тўхтаб қолган вазиятга алоҳида эътибор қаратилиб, қатор халқаро масалалар муҳокама қилинди.
Доналд Трамп бу ерда Россиядан ёрдам керак бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди ва Россия Эрон томони билан шунга яраша ишлай олса, миннатдор бўларди.
Шунингдек, Яқин Шарқ, шунингдек, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги Президент Трампнинг шахсан иштирокида тўхтатилган қуролли можарога ҳам тўхталиб ўтилди", дея изоҳ берган Ушаков.
Эслатиб ўтамиз, музокаралар арафасида Украина Россия аэродромларига зарба берди. Натижада ўнлаб ҳарбий самолётлар йўқ қилинди.