Марказий банк "Humans" иши бўйича баёнот берди
"Мароқанд" АЖ тўлов ташкилотида фуқароларнинг пуллари қонунчиликда савдоси ва хизмат кўрсатилиши тақиқланган хизматларга (қимор ўйинлар) ўтказилгани аниқланган.

Марказий банк "Humans Mobile PTE LTD" (Сингапур) компанияси билан бошланган арбитраж муҳокамаси бўйича муносабат тақдим этди.
Айрим оммавий ахборот воситаларида ушбу компаниянинг Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказда (ISSID) Ўзбекистонга қарши арбитраж жараёни расман бошланганлиги ҳақида хабар тарқалди.
Дарҳақиқат, “Humans Mobile PTE LTD” компанияси томонидан Ўзбекистон давлат органлари ва идоралари, шу жумладан Марказий банкнинг ҳаракати билан 2003 йил 15 июлдаги “Сингапур Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Битимнинг айрим талаблари бузилганлиги билдирилиб, 2025 йил 20 майда халқаро марказга Ўзбекистонга нисбатан арбитраж жараёнларини бошлаш учун ариза киритилган.
Даъвогарнинг аризаси халқаро арбитраж маркази томонидан иш юритувига қабул қилиниб, ҳозирда арбитраж низосини мазмунан кўриб чиқишга тайёрлаш босқичида эканлиги билдирилган ҳолда, иш жараёнларидан келиб чиқиб қўшимча тафсилотлар бериб борилиши маълум қилинади.
Маълумот учун, “Мароқанд” АЖ тўлов ташкилотида фуқароларнинг пуллари қонунчиликда савдоси ва хизмат кўрсатилиши тақиқланган хизматларга (қимор ўйинлар) ўтказилганлиги сабабли, ушбу тўлов ташкилотининг айрим тўлов хизматларини амалга ошириши 2024 йил 25 сентябрдан бошлаб олти ой муддатга чекланган ҳамда тўлов ташкилоти фаолиятида аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган эди.