platina.uz
Жамият

Якка тадбиркорларга ҳам тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат берилади

Йилига 550-600 миллион долларлик буюмлар норасмий тилла бозорларида айланмоқда.

Якка тадбиркорларга ҳам тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат берилади
Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ўтган йили мебел экспорти 20 миллион долларга етди. Сифат, дизайн ва брендга эътибор қаратилса, мавжуд қувватларнинг ўзида экспорт ҳозиргидан 10 карра ошиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, мебелчиларга халқаро сертификат олиш харажати ҳамда хориждан жалб қилинган дизайнер, маркетолог, инженер-технологлар иш ҳақининг ярми қоплаб берилади.

Халқаро кўргазмаларда ижара пули компенсация қилинадиган майдон ҳозирги 20 квадратдан 40 квадрат метрга оширилади.

Мутасаддиларга малакали мутахассисларни жалб қилиб, йилига 1 минг нафар мебел усталарини замонавий кўникмаларга ўқитишни йўлга қўйиш топширилди.

2024 йилда заргарликда ишлаб чиқариш 200 миллион доллардан ошди, экспорт 17 фоизга ўсиб, 92 миллион долларга етди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда йилига 100 тоннадан зиёд олтин қазиб олинаётгани билан имкониятларнинг ўндан бири ҳам ишга солинмаётгани қайд этилди.

Соҳада “хуфиёна” иқтисодиёт улуши юқори экани кўрсатиб ўтилди. Йилига 550-600 миллион долларлик буюмлар норасмий тилла бозорларида айланмоқда. Ёки, мустақил изловчилар 2020 йилда 40 килограмм олтин топширган бўлса, ўтган йили бу 100 карра камайган.

Йиғилишда соҳани “соя”дан чиқариш учун якка тадбиркорларга ҳам тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат бериш, заргарликда миллий бренд яратиш учун хориждан дизайнер, технолог, қимматбаҳо тошлар билан ишлайдиган геммологларни олиб келиш харажатининг бир қисмини қоплаш бўйича таклифлар билдирилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу таклифларни маъқуллади.

“Очиқ айтиш керак, тартиб-интизом, шаффоф тизим бўлмаган соҳада “катта сакраш” қилиб бўлмайди. Шунча шароитдан кейин ҳам “соя”да ишлаётганларга нисбатан қонун устуворлиги таъминланади”, - деди Президент.

Асиллик инспекцияси Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура билан биргаликда заргарлик соҳасида қатъий назорат ўрнатиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Тадбиркорлар заргарлик буюмини Асиллик инспекциясидан тамғалатиб, кирим қилишига бир ой вақт берилиши белгиланди.

Умуман, мутасаддиларга соҳани чуқур таҳлил қилиб, “хомашё – ишлаб чиқариш – савдо” занжиридаги барча иштирокчиларни “соя”дан чиқиб ишлашини рағбатлантирадиган тизим ишлаб чиқиш топширилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid