Хоразмдаги "Лазги" ва "Авесто" музейлари реконструкция қилинади
Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 10 млрд сўм ажратилади.

Хоразм вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан бюджет ва бюджетдан пул олувчи ташкилотларга катта маблағ берилади.
Жумладан, Урганч шаҳридаги "Лазги" ва "Авесто" музейларини реконструкция қилиш учун 10 млрд сўм маблағ ажратилади. Ишларни вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси амалга оширади.
Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да, камбағаллик рўйхатида турган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қуватлаш борасида айниқса, оғир касалликка чалинган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга ошириладиган ишларни молиялаштириш учун 2 млрд сўм берилади.
Вилоят ҳокимлигининг “Расмий меҳмонлар қабуллар уйи” муассасасини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, гул экиш ва бошқа харажатларни қоплаш учун 462 млн сарфланади. Умумий ажратилаётган маблағ миқдори 12 млрд 520 млн сўмни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввал Фарғона ҳокими Хайрулло Бозоров маблағ ажратиш бўйича учта фармойиш чиқарганди.