Тошкент вилоятида ноёб тарихий ёдгорликларга 342 млрд сўмлик зарар етказилди
Пискент туманида жойлашган, милоддан аввалги V асрга оид бўлган "Мингтепа" ёдгорлигига 231 млрд сўмлик зарар келтирилган.

Тошкент вилоятида тарихий ёдгорликларга катта зарар етказилгани аниқланди.
Бош прокуратура томонидан Тошкент вилоятида маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга қаратилган назорат тадбирлари ўтказилди.
Текширишда бир қатор ноёб археология ёдгорликларига жиддий зиён етказилгани аниқланди.
Хусусан, Оққўрғон туманида “Зокиртепа” (V – VII асрлар) ёдгорлигининг 1400 м3 қисми терак экиш учун қазилиши натижасида 44,6 млрд;
-“Санчтепа” ёдгорлигининг 129 м3 қисми йўл очиш учун текисланиб 2,2 млрд;
-Паркент туманида “Қоравултепа” ёдгорлигининг 941 м3 қисми ва “Ертепа” ёдгорлигининг 23 м3 қисми бузилиб, жами 16,4 млрд;
-Пискент туманида “Мингтепа” (мил. авв. V аср) ёдгорлигининг 7000 м3 қисми бузилиб, 231 млрд;
-Оҳангарон туманида “Думгалактепа” (V - VI асрлар) ёдгорлигининг 658 м3 қисми техника ёрдамида қазилиб 21 млрд;
-Юқоричирчиқ туманида “Хожакайтепа” (V - VII асрлар) ёдгорлигининг 43 м3 қисми текисланиб 1,3 млрд;
-Ўртачирчиқ туманида “Туябўғизтепа” ёдгорлигининг 54 м3 қисми бузилиб, 1,7 млрд;
-Нурафшон шаҳрида “Чордаратепа” (III - VIII асрлар) ёдгорлигининг 38 м3 қисми бузилиб 1,2 млрд. сўм зарар етказилган.
Жами 13 та ёдгорликка 342 млрд. сўм зарар етказилгани аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилди ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.