platina.uz

Президент ҳузуридаги 2 та муассаса қайта ташкил этилди

Уларга янги раҳбарлар ҳам тайинланди.

Сиёсат
Кеча, 9:03
Президент ҳузуридаги 2 та муассаса қайта ташкил этилди

“Эл-юрт умиди” жамғармаси Президент ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб, Давлат бошқаруви академияси Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси этиб қайта ташкил этилди.

Ҳар иккала муассасага раҳбарлар тайинланди. Жасур Солиҳов Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ректори, Гулноза Исмоилова "Эл-юрт умиди" жамғармаси ижрочи директори лавозимига тайинланди.

Шавкат Мирзиёевга 5 май куни намойиш этилган истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ва мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимотида қайд этилишича, истиқболли мутахассисларни хорижда тайёрлаш бўйича бакалавриат, магистратура ва докторантура билан бир қаторда давлат хизматчилари олти ойгача мақсадли стажировкага юборилади. Бунда энергетика, урбанизация, транспорт, архитектура, геодезия, ер муносабатлари, техника, муҳандислик каби иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига, давлат бошқаруви ва долзарб ижтимоий йўналишларга устуворлик берилади.

Халқаро рейтингларда “ТОП-100” талик университетларга грант асосида ўқишга кирган номзодларга “Эл-юрт умиди” стипендияси имтиҳонларсиз ажратилади. “ТОП-300” таликда бўлган университетларга грантга кирганларга халқаро транспорт ва турар жой харажатлари имтиҳонларсиз қоплаб берилади. “ТОП-20” таликдаги университетлар бакалавриатига 50 фоиз грант асосида қабул қилинган Президент мактаблари битирувчиларига стипендиялар танловларсиз ажратилади.

Хорижда ўқиётган юртдошларимиз билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда таълим-тарбия жараёнларида ёрдамлашиш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларининг ота-оналари кенгаши тузилади. Элчихона ва консулликларга талабаларга ҳуқуқий ва ташкилий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилади.

Шунингдек, Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида, янги тизимга асосан, энди давлат хизматчилари учун 3 та дастур – малака ошириш, қайта тайёрлаш ва магистратура йўлга қўйилади. Барча узоқ ва ўрта муддатли ўқувлар хорижий ҳамкорлар билан қўшма таълим дастурлари ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг таянч тавсиялари асосида ташкил этилади.

Магистратурада “Давлат бошқаруви”, “Давлат сиёсати”, “Ҳудудларни комплекс ривожлантириш”, “Инсон ресурсларини ривожлантириш” ва “Давлат молиясини бошқариш” йўналишларида 18 ойгача муддатда чуқурлаштирилган билимлар берилади. Давлат буюртмасидан ташқари тўлов-контракт шаклида ҳам талабгорлар қабул қилинади.

Академияда таълим дастурлари ва илмий тадқиқотлар сифатини ошириш бўйича тавсиялар бериш, нуфузли хорижий илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш учун Халқаро академик маслаҳат кенгаши тузилади.

Шунингдек, академия ҳузурида 4 та янги марказ ташкил этилмоқда. Мисол учун, Давлат бошқаруви муаммоларини илмий-амалий тадқиқ этиш маркази давлат хизмати самарадорлигини ошириш, хусусий сектордаги илғор амалиётларни давлат бошқарувида жорий қилишга қаратилган тавсиялар бериб боради.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+