Хорижда ўзбек ресторани очганлар харажатининг бир қисми қоплаб берилади
Президент мутасаддиларга Франкфурт, Урумчи, Пекин, Абу-Дабидан тўғридан-тўғри рейс қўйиш таклифини киритиш, туристик мавсумда Истанбулдан кунлик қатновни йўлга қўйиш топширди.

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразмда йиғилиш ўтказмоқда. Вилоятда гастрономик туризмни ривожлантириш учун ҳам катта салоҳият борлиги таъкидланди.
“Арда Хива” мажмуасига вилоятлардан биттадан ресторатор олиб келиш, Хива шаҳрининг Мевастон ва Газчи маҳаллаларида бир неча ресторанлардан иборат 2 та замонавий “фуд-корт” ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Миллий таомларимизни хорижда танитаётган рестораторлар қўллаб-қувватланади.
Мутасаддиларга хорижда ўзбек ресторанларини ташкил қилишда рўйхатдан ўтиш, рухсатнома ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб беришни йўлга қўйиш топширилди.
Хоразмда 40 дан ортиқ ҳунармандчилик йўналишлари ривожланган бўлиб, сайёҳлар маҳсулот тайёрлаш жараёнига ҳам қизиқади.
Шу муносабат билан Мевастон маҳалласида 6 гектар ерда Ҳунармандчилик маркази ташкил этилади.
Ҳар йили ҳунарманд шогирдларни тайёрлашга 1 миллиард сўм ажратиб борилади.
Вилоятда бирорта халқаро брендли меҳмонхона йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Хоразмда янги қурилган меҳмонхоналарни субсидиялаш давом эттирилиши белгиланди. Бунинг ҳисобига йил якунигача 2,5 минг ўринли 40 та меҳмонхонани ишга тушириш, шундан камида 2 таси бренд меҳмонхона бўлиши шартлиги қайд этилди.
Сайёҳлар иссиқ кунларда вилоятда сузиш ҳавзалари етишмаслигини айтишади. Шу боис меҳмонхона ва кўнгилочар масканлар ҳудудида бассейн қуриш харажатининг бир қисми ҳам қоплаб берилади.
Хоразмда хитой, араб, япон, испан тилини биладиган гид, официант, савдо ва сервис ходимларига ҳам талаб ошмоқда. Гид-экскурсаводлар асосан инглиз, рус ва француз тилларида хизмат кўрсатади. Кўрсатилаётган хизматлар сифати, ходимларнинг этикаси бўйича ҳам саволлар кўплиги қайд этилди.
Шунинг учун Хива туризм техникумида йилига 100 нафар гид, яна шунча сервис ходимини камида 5 та талаб юқори тилга ўқитиш зарурлиги таъкидланди.
Хоразмда туризмнинг жадал ривожланиши учун энг катта тўсиқ, бу – транспорт экани қайд этилди.
Урганчга Россия, Туркия, Италия, Испания ва Франциядан авиақатновлар қўйилгани натижа берди. Лекин, рейс йўқлиги учун Германия, Хитой, араб давлатларидан минглаб турист йўқотилаяпти.
Мутасаддиларга Франкфурт, Урумчи, Пекин, Абу-Дабидан тўғридан-тўғри рейс қўйиш таклифини киритиш, туристик мавсумда Истанбулдан кунлик қатновни йўлга қўйиш топширилди.
Урганч аэропорти Кореянинг Инчхон аэропортига хусусий шерикликка берилмоқда. Ушбу аэропорт миллий меъморчилик анъаналарига мос ҳолда реконструкция қилинади.
Масъулларга ишлар бошланишини кутиб ўтирмасдан, Корея авиакомпанияларини жалб қилиш, самолёт ва аэропортдаги сервис ходимларини малака ошириш учун Кореяга юборишни бошлаш, янги ўқув йилидан Хоразмдаги транспорт ва сервис техникумларида Корея тажрибаси асосида кадр тайёрлашни йўлга қўйиш топширилди.