Исроил ички хавфсизлик хизмати раҳбари истеъфога чиқишини эълон қилди
У ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумининг асосий айбдорларидан бири сифатида кўриларди.

Муаммоларга дуч келган Исроил Ички хавфсизлик хизмати (Шин Бет) раҳбари Ронен Бар жорий йилнинг 15 июн куни истеъфога чиқишини маълум қилди.
Бундан уч ой олдин Исроил ҳукумати Хавфсизлик хизмати раҳбарини лавозимидан озод қилиш масаласини овозга қўйганди.
"Профессионал фаолиятим давомида қабул қилган ҳар бир қароримнинг асоси — Ватанга бўлган муҳаббатим ва содиқлигим бўлиб келган", — деди у вафот этган Ички хавфсизлик хизмати ходимларини хотирлаш маросимида.
Ўз нутқида Бар 2023 йил 7 октябрьда юз берган муваффақиятсизликлар учун масъулиятни ўз зиммасига олди. “Тунлардан бирида жанубий фронтда осмон ерга қулади. Барча тизимлар ишдан чиқди ва Ички хавфсизлик хизмати ҳам огоҳлантириш бера олмади”, — деди у.
Бар истеъфосини эрта эълон қилишининг сабаби — ўрнига келадиган шахсни олдиндан аниқлаш имконини яратишдир. Бироқ унинг лавозимда яна қанча вақт қолиши ҳозирча номаълум. 21 март куни Исроил ҳукумати Барни Шин Бет раҳбари лавозимидан бўшатиш тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилганди.
Барнинг истеъфоси 10 апрел куни амалга ошиши керак эди, бироқ Исроил Олий суди истеъфони вақтинча музлатиб туриш ҳақида қарор чиқарган. Суднинг ушбу қарори Бош вазир Бенямин Нетаняху ва унинг ўнг қанот тарафдорларининг норозилигига сабаб бўлди. Улар ҳатто истеъфони Бар белгилаган санадан олдин амалга оширишга уринишлари мумкинлигини билдирган.
Бар Нетаняху ва унинг ўнг қанотдаги ҳукумати билан кескин зиддиятда бўлиб келмоқда. Айрим вазирлар уни ҳукуматни обрўсизлантириш мақсадида терговлар ўтказаётганликда айблашмоқда.
Ўтган ҳафта Бар Нетаняху ундан “шахсий садоқат” кутаётганини айтган эди. “Мамлакат инқирозга юз тутган бир пайтда мен Бош вазирга эмас, балки Олий судга бўйсунишим тўғри бўлади, деб ҳисоблайман,” — деган у.
Барнинг истеъфоси эълон қилинганидан сўнг, Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ўз ижтимоий тармоғида “Қутилганимиз рост бўлсин” дея пост қолдирди.
Барни мухолифатдаги сиёсатчилар қўллаб-қувватлашди. Мухолифат етакчиси Яир Лапид баёнот бериб, шундай деди: “Ронен Бар тўғри ва шарафли қарор қабул қилди. Масъулиятни ўз зиммасига олиш — айнан мана шундай бўлади.”
Демократлар партияси етакчиси Яир Голан эса ижтимоий тармоқда “Нетаняху, энди навбат сеники” дея пост жойлади.