Ҳиндистон ва Покистон қуролли кучлари ўртасида тўқнашув юз берди
Қўшни давлатлар ўртасидаги зиддият Кашмирда сайёҳларга қилинган террористик ҳужумдан сўнг юзага келган.

Ҳиндистон ва Покистон қуролли кучлари тунда бир-бирига ҳужум қилди. Бу ҳақда Ҳиндистон армияси 27 апрел куни берган баёнотида маълум қилди.
Қўшни давлатлар ўртасидаги зиддият Кашмирда сайёҳларга қилинган террористик ҳужумдан сўнг юзага келди.
Покистон ахборот вазири Атоуллоҳ Тарар кеча берган интервьюсида Покистон Ҳиндистоннинг босимларига тайёр эканини билдирди.
Эрон эса икки давлатни яраштириш ниятида. Эрон ташқи ишлар вазири Саид Аббос Аракчи Исломобод ва Деҳлидаги Эрон ваколатхоналаридан қийин вазиятда икки давлат ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатишга тайёр эканликларини таъкидлади.
“Ҳиндистон ва Покистон ака-ука қўшнилар кабидир. Улар асрлар давомида шаклланган маданий ва цивилизацион алоқаларни тиклаши лозим”, — дея ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзди у.
АҚШ президенти Доналд Трамп эса Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги зиддиятли муносабатлар ҳар доим бўлганини, бу масалани ўзлари ҳал қилиб олишларига ишонишини билдириб, ҳолатга шахсан аралашмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Покистон ва Ҳиндистон чегарада жойлашган Кашмир ҳудуди учун курашмоқда. Иккала давлат ҳам Кашмирни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди.