Сиёсатчи: "Тошкент парламент дипломатиясининг пойтахтига айланади"
Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг юбилей ассамблеяси ўтказилади.

2025 йил 4 апрел кунидан 9 апрел кунига қадар Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқининг 150-юбилей ассамблеяси тадбирлари ўтказилади.
Парламентлараро Иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг мазкур сиёсий тадбирдан аввал ўз фикрларини билдирди.
"Биз ҳозиргина Олий Мажлис Сенати Раиси, жаноб Танзила Нарбаева билан жуда муҳим учрашувни якунладик. Ушбу учрашув давомида Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган Ассамблеяга тайёргарлик масалаларини кўриб чиқдик.
Мен бу йиғилишни “Юбилей Ассамблеяси” деб атайман, чунки бу — Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеяси бўлиб, илк бор ушбу минтақада — Ўзбекистонда ўтказилмоқда", дейди у.
Мазкур йиғилиш гендер тенглиги борасида муҳим йилга тўғри келмоқда.
"Шунингдек, ушбу имкониятдан фойдаланиб, Ўзбекистон расмийларини ёшларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини ошириш борасида эришган ютуқлари билан табрикламоқчиман.
Мен бу ерга илк келганимда, ёшларнинг иштироки жуда паст эди, аммо ҳозирда бу кўрсаткич сезиларли даражада ошган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг сиёсий жараёнларда инклюзивликни таъминлашга қаратилган чоралари эътиборга лойиқдир.
Бу ҳафта Тошкентга қарийб 2000 нафар меҳмон келиши кутилмоқда. Шуни айтмоқчиманки, бу ҳафта давомида Тошкент парламент дипломатиясининг пойтахтига айланади. Бу йиғилиш глобал ҳамжамият дуч келаётган муаммолар, зиддиятлар ва низоларни мулоқот орқали ҳал қилиш мумкинлигини кўрсатувчи намунага айланади. Айни вақтда дунё мураккаб муаммолар, урушлар ва зиддиятлар гирдобида қолаётган бир пайтда, ушбу ассамблеянинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакат раҳбариятининг кўп томонлама ҳамкорлик ва парламент дипломатиясини ривожлантиришга бўлган содиқлигини кўрсатади. Бу учун Парламентлараро Иттифоқ жуда миннатдордир".
Сиёсатчига кўра, тадбирларда “Тошкент Декларацияси” деб номланувчи асосий баёнотни қабул қилинади.
Ушбу декларация Парламентлараро Иттифоқ учун йўл харитаси бўлиб хизмат қилади ва ижтимоий тараққиёт ҳамда ижтимоий адолатни тарғиб қилишда бажариладиган ишлар учун асос бўлади.
