Ookla: Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича охирги 4 йилда 65 поғонага юқорилади
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ookla ташкилоти президенти ва бош директори, Стратегия бўйича бош директори ҳамда ташкилотнинг Шимолий Осиё ва Марказий Осиё минтақалари бўйича савдо директори билан учрашди.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов “МWC Барcелона – 2025” Жаҳон мобил конгресси доирасида “Ookla” ташкилоти президенти ва бош директори Стивен Бе, Стратегия бўйича бош директор Чип Стренж ҳамда ташкилотнинг Шимолий Осиё ва Марказий Осиё минтақалари бўйича савдо директори Виктор Зенг билан учрашди.
Учрашувда интернет инфратузилмасини ривожлантириш ва сифат мониторингини кучайтириш бўйича фикрлар алмашилди.

Бундан ташқари, мулоқот давомида ҳудудларда 5G технологиялари жараёнларини жадаллаштириш, мобил алоқа операторлари учун инновацион технологик ечимларни синовдан ўтказиш ва уларнинг халқаро тажрибага асосланган ҳолда ривожланишини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашувда Ookla ташкилоти Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда мобил интернет тезлиги бўйича катта кўрсаткичларга эришганини қайд этди.
Шунингдек, учрашув давомида ташкилот вакиллари Speedtest Global Index натижаларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон 133-ўринни эгаллагани, 2025 йил январь ҳолатига кўра, мамлакат ушбу рейтингда 68-ўринга кўтарилгани, шу тариқа Ўзбекистон 2020 йилдан бери 65 поғонага юқорилаганини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар келгусида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳамкорлик лойиҳалари устида ишлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Маълумот учун: “Ookla” – глобал интернет тезлигини ўлчаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланадиган етакчи ташкилот бўлиб, 2006 йилда ташкил этилган. У Speedtest платформаси орқали бутун дунё бўйлаб фойдаланувчиларга интернет тезлигини текшириш имкониятини беради.
Ташкилот ҳар ой Speedtest Global Index рейтингини янгилаб, дунёдаги мобил ва симли интернет тезликларини таққослаб боради.