Навоийда инфратузилма ва аҳоли турмушини яхшилаш учун 25,5 млрд сўм ажратилади
Вилоят ҳарбий-маъмурий секторини ривожлантиришга 2,5 млрд сўм, кўпқаватли уйлардаги электр тармоқларини таъмирлашга салкам 1 млрд сўм берилади.

Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши қарори билан маҳаллий бюджетдан 25,5 млрд сўм ажратилиши белгиланди.
Маблағлар ифратузилма харажатлари, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилади.
Қарор иловасида харажатлар жадвали келтирилган. Жумладан, 2,5 млрд сўм маблағ вилоят ҳарбий-маъмурий секторини ривожлантириш жамғармасига тақдим этилади, вилоят ҳокимлиги маъмурий биноси харажатлари учун 2,4 млрд сўм, халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмалари учун 1 млрд сўм берилади.
Ҳудудий футбол ассосиацияларини қўллаб-қувватлашга 183 млн сўм, кўпқаватли уйлардаги электр тармоқлари(шит)ни таъмирлаш учун 944 млн сўм, Хатирчи туманидаги 49-мактабга 45 млн сўм, Навбаҳор туманидаги касб-ҳунар мактабини реконструкция қилиш харажатлари учун 1 млрд сўм ажратилади.
Навоий шаҳридаги 10-мактабни мукаммал таъмирлашга 699 млн сўм, Нуротадаги туғруқхонани таъмирлашга 95 млн сўм, вилоят телевидениесини реконструкция қилиш учун 500 млн сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Навоий шаҳрида кутубхона қуришга 1 млрд сўм берилади. Хатирчида хотира хиёбони қуришга 500 млн сўм кетиши белгиланган.
Вилоят ҳокимлигига кечиктириб бўлмайдиган ва фавқулодда харажатлар учун 7 млрд сўм пул йўналтирилади.