Мубашшир Аҳмад қидирувга берилгани айтилмоқда
У диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этишда айбланмоқда.

“Азон Глобал” ахборот таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад номи билан танилган шахс қидирувга берилди. Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов бу маълумотни тасдиқлади.
Унга кўра, Алишер Турсунов (тахаллуси Мубашшир Аҳмад) Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми бўйича қидирувга берилган.
Маълумот ўрнида, 2023 йил августда Azon.uz сайти ўз фаолиятини тўхтатганди. Шундан сўнг, Алишер Турсунов Туркияга кетиб, ўша ерда “Азон Глобал” порталида ишини давом эттирган.
2023 йил декабрда Мубашшир Аҳмад Туркия полицияси томонидан олиб кетилиб, Истанбул вилояти Чаталжа туманида жойлашган Бинкилич депортация марказига жойлаштирилган.
Кейинроқ 2024 йил 21 феврал куни у депортация марказидан оиласи бағрига қайтгани хабар қилинганди.