platina.uz
Жамият

Мубашшир Аҳмад тиббий ёрдамдан шикояти йўқлигини билдирди

У жазони ижро этиш муассасида аввалдан мавжуд бўлган касалликлари туфайли соғлиғида ўзгаришлар борлигини ва тегишли тиббий ёрдам олаётганлигини қайд этган. 

Мубашшир Аҳмад тиббий ёрдамдан шикояти йўқлигини билдирди

Омбудсман Мубашшир Аҳмад ҳолати бўйича маълумот берди.

ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги хабарлар асосида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили вилоятдаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширган.

Унда ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум А.Т. (Мубашшир Аҳмад)нинг соғлиғи ва сақланиш шароити ўрганилди.

Мониторинг давомида маҳкумлар билан, шу жумладан маҳкум А.Т. билан ҳам ҳоли тарзда суҳбат ўтказилди ва унинг соғлиғига оид тиббий ҳужжатлар билан танишилди.

Айтилишича, А.Т. муассасада тиббий ёрдам кўрсатилишидан шикояти йўқлигини, мунтазам равишда тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиб келинаётганлигини, фақатгина аввалдан мавжуд бўлган касалликлари туфайли соғлиғида бироз ўзгаришлар борлигини ва тегишли тиббий ёрдам олаётганлигини қайд этган.

Шунингдек, муассасада ўз хоҳишига кўра меҳнатга жалб этилганлиги (ошхона ишлари билан шуғулланади) ҳамда қонунчиликда белгиланган вақтлардан ташқари ортиқча меҳнатга жалб этилмаганлигини, иш шароити меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ эканини айтиб ўтди.

Озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароити бўйича ҳам шикоят билдирмади. Унинг сўзларига кўра, соғлиғидан келиб чиқиб, белгиланган норма бўйича озиқ-овқат берилади.

Маҳкум А.Т. билан ўтказилган ҳоли тарздаги суҳбатда у ҳеч қандай масалада мурожаат қилмади.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ушбу муассасага 2025 йилнинг ноябр ва декабрь ойларида амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида ҳам маҳкум А.Т. томонидан мурожаатлар келиб тушмаган.

Октябр ойида Мубашшир Аҳмад 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Интернетда унга тегишли саҳифалар (каналлар) фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланганди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid