Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи билан жиноий тил бириктирган тадбиркор жаримага тортилди
У суғориш тизимини ўрнатиш юзасидан шартнома тузиб, пулларни ўзлаштиришга ҳаракат қилган.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судида ХХХ масъулияти чекланган жамиятининг раҳбари лавозимида ишлайдиган ХХ.га жиноий иш кўриб чиқилди. Суд ҳукми нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Ҳужжатда маълум бўлишича, ХХ МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, Тошкент шаҳар Учтепа туман Ободонлаштириш бошқармаси билан туман ҳудудидаги Фозилтепа кўчасининг Фарҳод кўчаси кесишмасидан “София” дўкони бўйлаб, 347.257.189 сўмлик суғориш тизимини ўрнатиш юзасидан шартнома тузган. Лекин у қурилиш ишларини белгиланган муддатда тўлиқ амалга оширмасдан, жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувга ажратилган Учтепа туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи билан олдиндан жиноий тил бириктириб, қалбаки ҳужжатлар асосида 30.329.918 сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишга уринган.
Лекин дастлабки тергов даврида унинг жиноий қилмиши фош қилинганлиги сабабли ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра жиноий қилмишини охирига етказа олмаган.
Судланувчи содир этган жиноятларига қисман иқрорлик билдирди. Суд унинг айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини, қарамоғида 3 нафар фарзанди борлигини, турмуш ўртоғи шартнома асосида ўқишини, муқаддам судланмаганлигини, оилавий шароитини, жиноят охирига етказилмаганлиги боис етказилган моддий зарар мавжуд эмаслигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолади.
Якуний ҳукмга кўра, ХХ.га ЖКнинг 25,167-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандлари билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 15.000.000 сўм жарима жазоси тайинланди. Жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.