Шавкат Мирзиёев Лукашенкони табриклади
1994 йилдан буён Беларусни бошқараётган Лукашенко сайловда қарийб 87 фоиз овоз олди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенкони кеча бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан қутлади.
Давлат раҳбари сайловчиларнинг фаол иштироки ва овоз бериш натижалари Беларусь халқи амалдаги Президентга юксак ишонч билдираётгани, амалга оширилаётган сиёсат ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор тасдиқлаганини алоҳида таъкидлади, дейилади расмий хабарда.
Суҳбат чоғида ўтган йил 7-9 февраль кунлари Беларус Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Беларусь кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
2024 йилда товар айирбошлаш ҳажми 700 миллион доллардан ошди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси лойиҳаларини жадаллаштириш, яқин ишбилармонлик ва ҳудудлараро алоқаларни, фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва Беларусь етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.
Эслатиб ўтамиз, 1994 йилдан буён Беларусни бошқараётган Лукашенко сайловда қарийб 87 фоиз овоз олди.