platina.uz

Диктаторлик мероси: кимга заҳмат, кимга фароғат

Замонавий подшолар тўқиган ёлғон ва аллалар, таги пуч умид ва орзулар билан оддий халқ ўзини овутиб, омон қолиш учун кун кечиради. Ҳа, айнан кун кечиради. Яшашни эса уларнинг бошига чиқиб олган диктаторлар ва уларнинг ҳамтовоқлари ўз зиммасига олган.

Жаҳон
9 май, 20:16
Диктаторлик мероси: кимга заҳмат, кимга фароғат

Инсоният тарихида ўрта асрларда монархия энг кўп тарқалган бошқарув шакли бўлса, кейинчалик республика ва президент бошқарувига ўтилди.

Монархлар – қироллар, султон, подшоҳ, хон ва ҳоказолар уруш ва курашлар ҳамда бошқа тарихий омиллар натижасида ҳокимият тепасига келган бўлса, президент ёки бош вазирлар демократик асосда – сайланиш йўли билан ҳокимиятни қўлга олади.

Монархияда ҳокимият авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтади. Агар бошқа сулола ёки инқилобчилар уни тахтдан ағдариб ташламаса, албатта. Республикачилик тизимида эса давлат ёки ҳукумат раҳбари ўз ваколатларини фарзандлари ёки қариндошларига мерос қолдиришга ҳақли эмас.

Бироқ давлат ва ҳокимиятни, куч ишлатар тизимлар, махсус хизматлар ва армияни қўлга олишга муваффақ бўлган авторитар ва диктатор президентлар конституцияда кўрсатилган муддатларни инкор этган ҳолда ўлгунларича ҳукмронлик қилиб, халқ ҳисобидан “жаннатмонанд” ҳаёт кечиришгани етмаганидек, “ўз тахт”ларини фарзандларига мерос қилиб қолдиришга уринишади. Бунинг учун қонунни манипуляция қилиш ва керак бўлса конституцияга ҳам ўзгартириш киритишади.

Охирги ярим асрда дунёдаги давлат раҳбарлари ва уларнинг фарзандлари ҳаёти қандай кечганига назар солсак, ҳокимиятни мерос қилиб олиш баъзан фароғат, баъзан масъулият, баъзан эса азоб ва заҳмат келтирганини кўриш мумкин.

Муаммар Қаззофий

Қаззофий Ливияни конституцияга зид равишда 30 йил (1969-2011) бошқарган. Унинг эртаклардагидек бой ва гўзал ҳаётига 2011 йилда мамлакатда юз берган инқилоб якун ясади. Исёнчилар Қаззофийни отиб ўлдиришди. Уни ўлдиришларидан аввал Қаззофий исёнчиларни инсоф қилишга чақирган, бироқ улар бунга эътибор бермасдан, собиқ президентни ерга йиқитиб, мақсадларини амалга оширган. Исёнчилар унинг икки ўғли Муттазима (давлат хавфсизлигибўйича маслаҳатчи) ва Хамисни (махсус полиция гуруҳининг бошлиқларидан бири) ҳам ўлдиришган.

Муаммар Қаззофийнинг жами 9 нафар қондош ва 2 нафар асранди фарзанди бўлган. Қаззофийнинг катта ўғли Сайфулислом Мюнхенда яшаб, таҳсил олган. Сайфулислом бу ерда ҳашаматли ҳаёт кечирган, аммо Ливияда фуқаролар уруши бошлангач, ватанига қайтган. У НAТО ҳаво ҳужуми пайтида ҳалок бўлган.

Қаззофий оиласи даврасида.

Қаззофийнинг яна бир ўғли – профессионал футболчи Саъдий ҳам отасини ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олишга мажбур бўлди. Ҳукумат қўшинлари мағлубиятга учрагач, у Нигердан сиёсий бошпана олди. Уч йилдан сўнг уни Ливиянинг янги ҳукуматига топшириб юборишди. У ҳақдаги хабарлар охирги марта 2018 йилда пайдо бўлган. Ўшанда Саъдий қотилликда айбланиб оқланган. Кейинчалик спиртли ичимликларни сақлагани ва истеъмол қилгани учун бир йил қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Ҳаётда кўнгли тусаган ишини қилиб яшашда Ҳаннибал отасига кўпроқ тортган. У тез-тез хотинига ва умуман, аёлларга ва хизматкор ҳамда ходимларига қарши қўл кўтариб турарди. Шу боис у бошқа мамлакатларда кўп марта полиция диққат марказига тушиб турган. Кичик Қаззофий ҳам отасига ўхшаб халқ пулини беҳуда совуришни яхши кўрган. Истаган нарсасини сотиб олган, истаган маишатини қилган. Инқилобдан кейин Ҳаннибал Жазоирга қочиб кетган. Унинг кейинги тақдири қандай кечгани номаълум қолмоқда.

Шунингдек, Қаззофийнинг Ойша исмли қизи ҳам бўлиб, у генерал-лейтенант лавозимида урушда қатнашган. НАТОнинг ҳаво зарбалари пайтида қизини йўқотиб қўйган. Кейинчалик Уммонга қочиб ўтиб, шу давлатдан сиёсий бошпана олган.

Саддам Ҳусайн

Саддам Ҳусайн 1979 йилда Ироқ президентлигини эгаллаган бўлса-да, бундан анча йил аввалроқ мамлакатга ҳукмронлик қилишни бошлаган эди. 2003 йилда АҚШ бошчилик қилган Халқаро ҳарбий коалиция томонидан “тахтдан ағдарилган”. Уни халқаро террорчиликни қўллаб-қувватлаш ва оммавий қирғин қуроллари яратишда айблашган. Диктаторнинг 3 ўғли ва 3 қизи бўлган. Унинг ўғиллари Удай ва Қусай Мосулдаги қароргоҳ Америка аскарлари томонидан қамал қилинганида таслим бўлишни истамагани боис ўлдирилган.

Саддам Ҳусайн оиласи.

Удай отасининг “сояси”да кўплаб қотиллик, қийноқ ва жинсий зўрлашларга қўл ургани маълум. Масалан, у чемпионатда мағлуб бўлган Ироқ жамоаси футболчиларини бетондан ясалган коптокни тепиб ўйнашга мажбурлаган. Кейин эса уларни “шармандалик устуни”га боғлаб қўйиб, 3 кун давомида қамчилаб уришга топшириқ берган.

Ҳозир Ироқ диктаторининг 3 қизи Рағад, Раъно ва Ҳала ҳаёт. Отаси ҳокимиятдан ағдарилгач, қизлар Иорданияга қочишган ва мамлакат қиролининг ҳимоясига ўтишган.

Николае Чаушеску

Руминия президенти Николае Чаушеску (1965-1989 йилларда ҳукмронлик қилган) давлат тўнтариши пайтида – 1989 йил 22 декабр куни хотини билан бирга отиб ўлдирилган. Инқилобчилар атиги 1 соат давом этган “суд”да уларни ўз халқини геноцид қилиш, миллий иқтисодиётни вайрон этиш ва хориж банкларидаги даромадларини яширишда айблаб, ўлимга ҳукм қилишган. Чаушескунинг 3 фарзанди (2 нафар ўз ва 1 нафар асранди) ҳам суд курсисида ўтирган.

Чаушескунинг кичик ўғли Нику инқилобга қадар “бойвачча йигит” ҳаётини кечирган: спиртли ичимликларга ружу қўйган, маст ҳолда автоҳалокатлар содир этган, халқ пулларини қиморхонада ўйнаб совурган. Кўр кўрни қоронғуда топибди, деганларидек Нику Саддам Ҳусайннинг ўғли Удай билан дўст бўлган. Улар Европа тунги клублари ва қиморхоналарида бирга кайфу-сафо қилиб, “ҳордиқ” чиқаришган. Судда Никуни халқ пулларини совуриш, қизларни жинсий зўрлаш ва одамларни гаровга олишда айблашган. Нику суд ҳукмига кўра 20 йил қамоқ жазосини ўташи лозим эди. Аммо спиртли ичимликлар соғлигини адо қилган шекилли, 2 йилдан сўнг жигар циррозига чалингани боис, хасталиги инобатга олиниб, озодликка чиқарилган. Нику 1996 йилда Австрия пойтахти Вена шаҳридаги ҳоспиталда 45 ёшида хасталикдан вафот этган.

Николае Чаушеску оиласи.

Чаушескунинг ягона қизи Зоя жуда билимли шахс эди. Математикани яхши кўрган ва илм-фан билан шуғулланмоқчи бўлган. Бироқ бу ота-онасига ёқмаган. Шу даражада ёқмаганки, президент ота Зоя кирмоқчи бўлган институтни шунчаки тарқатиб юборган.

Зоя отаси ўлгач, 8 ой қамоқда ўтирди. Қамоқ ҳаёти, барча нарсадан бир зумда ажралгани ва отасининг ўлдирилиши унга ёмон таъсир қилди. У ахлоқан бузилиб кетиб, пиёнистага айланиб қолди. Зоя 2006 йилда 57 ёшида ўпка саратонидан вафот этган.

Собиқ диктаторнинг катта ўғли Валентин асранди ўғил бўлган. Сиёсатга аралашмаган. 80-йилларда "Стяуа"футбол клубини бошқарган. Ҳозир у 76 ёшда, ОАВдан узоқ юришга ҳаракат қилади. Камтарингина пенсия олиб яшайди.

Адолф Ҳитлер

Маълумки,фашистлар Германияси етакчиси бўлган фюрердан (1934-1945 йилларда давлатни бошқарган) фарзандлар қолмаган. Бироқ Ҳитлернинг отаси – Алоиздан авлодлар қолган: ака-ука Луис, Брайан и Александр Стюарт-Хюстон ҳозир АҚШда яшайдилар. Уларнинг бирортасида ҳам фарзанд йўқ ва бўлмайди ҳам. Чунки Ҳитлернинг авлодлари насл қолдирмасликка келишиб олишган.

Адолф Ҳитлер ва хотини Эва Браун.

Иосиф Сталин

СССР раҳбари, қонхўр диктатор Сталиндан 2 ўғил – Яков, Василий ва 1 қиз – Светлана қолган. Улар Сталиндан кейин тинч ҳаёт кечириб ўлиб кетишган. Уларнинг авлодлари эса Сталин наслини давом эттирмоқда.

Айтайлик, Сталиннинг набираси Олга Питерс (кейинчалик исм-шарифини Крис Эвансга ўзгартирган) АҚШда истиқомат қилади. У Сталиннинг қизи Светлана ҳамда америкалик меъмор Уилям Питерсдан 1971 йилда туғилган. Олга - антиквар дўкон соҳибаси.

Сталин қизи ва ўғли билан.

Сталиннинг чевараларидан бири Виссарион Жугашвили (1965 йилда туғилган) – режиссёр ва у ҳам АҚШда яшайди. У Грузияда калтакланганидан сўнг АҚШдан сиёсий бошпана олган. Иккинчи чевараси Яков эса Грузияда яшайди ва ашаддий сталинчи. У 2006 йилда Путиндан Сталин ўлимини қайта тергов қилдиришни талаб этгани билан машҳур. Яковнинг фикрича, Сталинни унинг атрофида юрган сиёсий мухолифлари ўлдиришган эмиш.

Сталиннинг анча машҳурроқ авлодларидан бири – актёр и режиссёр Александр Бурдонский ҳисобланади. Фақат у Сталин фамилиясида юришдан ор қилиб, уни Бурдонскийга ўзгартирган. Александр 2017 йилда вафот этган. Ундан фарзанд қолмаган.

Владимир Путин

Россиянинг 23 йилдан бери ўзгармас раҳбари Владимир Путин(19 йил президент, 4 йил бош вазир сифатида)нинг оилавий ҳаёти ўта сир тутилади. Бироқ Путин ва унинг хотини Людмила Путина 2013 йилда расман ва очиқ равишда никоҳни бекор қилиб, ажрашишгани маълум.

Путиннинг Людмила билан турмушидан 2 қиз Мария ва Катерина туғилган. Мария (1985 йилда туғилган) “Газпром”нинг топ-менежерларидан бири, ҳолландиялик Йоррит Фаассенга турмушга чиққан. 2012 йилда уларнинг оиласида ўғил туғилган ва Путин биринчи марта бобо бўлган. 2016 йилда Мариянинг эри автоҳалокатда вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ бу расман тасдиқланмади ҳам, рад этилмади ҳам.

Путиннинг иккинчи қизи Екатерина (1986 йилда туғилган) Ломоносов номидаги Москва давлат университети (МДУ) қошидаги Миллий интеллектуал заҳираси марказининг раҳбари, шунингдек, МДУ проректори ўринбосари ҳисобланади.

Путин оиласи билан.

ОАВларда кезиб юрадиган, аммо тасдиқланмаган миш-мишларга кўра, Путин гимнастикачи аёл Алина Кабаева билан ишқий муносабатлар ўрнатган. Айрим маълумотларга кўра, Алина президентга 2009, 2012 ва 2015 йилларда жами 3 фарзанд туғиб берган.

Александр Лукашенко

Беларусга 1994 йилдан бери президентлик қилиб келаётган Александр Лукашенкони “Европанинг сўнгги диктатори” деб аташади баъзан. Лукашенко ҳам худди Кубанинг собиқ раҳбари Фидел Кастро каби Беларусни жуда яхши кўрганидан уни бировга бергиси келмайди. Лукашенконинг биринчи хотини Галина 2 ўғил туғиб берган. Катта ўғил Виктор авторитар тузумлар анъанасига мувофиқ, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимида эди. Ўртанча ўғил Дмитрий юмшоқ характери боис бор диққатини спортга йўналтирган: у "Президент спорт клуби" республика бирлашмасининг ҳамда Миллий олимпия қўмитасининг (МОҚ) раҳбари. 2021 йил воқеаларидан сўнг Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Виктор Лукашенкони Беларус МОҚ раҳбари сифатида тан олмаган.

Лукашенко ўғиллари билан.

ОАВда кўчиб юрган айрим “узун қулоқ” гапларга кўра, Лукашенконинг кичик ўғли Николай 2004 йилда президентнинг собиқ шахсий шифокори Ирина Абелскаядан никоҳсиз туғилган. Бу “диктаторвачча”нинг феъли ҳам ўзига яраша. Айтишларича, Николай бир куни самолёт эшигини ўз қўли билан ёпишни истаган, бироқ стюардесса бунга йўл қўймаган. Николай шартта унинг қўлидан тишлаб олган. Николай ғазабдан “Агар вазир бўлсам, сени оттириб ташлайман” дея дағдаға қилиб бўкирган. Лукашенко бу ўғлини жудаям яхши кўради. Уни Кичкинтой деб чақиради.

Ҳозир Николай Беларусдаги миллионлаб ўсмирларнинг “юлдузи”. Николай қурмагур фортепианода Рахманиновнинг мусиқасини шундай “маҳорат билан” чаладики, президентнинг оталик меҳри товланиб, фахрдан кўзига ёш келади.

Ким Чен Ир

Корея халқ демократик республикаси, яъни Шимолий Корея раҳбарлиги Ким Чен Ирга отасидан қолган. (Ким Чен Ир бу анъанани давом эттирди. Бироқ “тахти”ни кенжа ўғли Ким Чен Инга қолдирди (Аслида у катта ўғил Кин Чен Нам бўлиши керак эди.) Лекин катта ўғил Ким Чен Нам отасининг ғазабига дучор бўлган ва қалбаки паспорт билан Японияга қочиб ўтишга уринган. Уни аэропортда ушлаб қолишган ва барча давлат ишларидан четлатишган. 2017 йилда эса бечора катта ўғилни Куала-Лумпур аэропортида заҳарлаб ўлдиришган. Миш-мишларга кўра, амалдаги президент Ким Чен Ин катта акасини заҳарлаб ўлдиришни буюрган. Бу ўлим халқаро резонансга сабаб бўлган ва АҚШ Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларни янада кучайтирган.

Ким Чен Ин қизи билан ҳарбийлар олдида.

Ким Чен Иннинг, айрим маълумотларга кўра, соғлиги ёмонлашиб бормоқда. Шу боис у ўзига меросхўр кўзлаб юрган бўлиши мумкин. Ҳозирча унинг хотини Ли Сол Чжу 2012 йилда туққан қизи Ким Чжу Э эҳтимолий кейинги президент сифатида кўрилмоқда. Ким Чен Ин охирги пайтларда кўплаб давлат тадбирларига шу қизини бирга олиб юргани бунинг исботи бўлиши мумкин.

Бироқ яқинда Ким Чен Иннинг синглиси Сеул расмийларини итга қиёслади ва агар улар КХДРга қарши ҳарбий чора кўришга қарор қилса, Жанубий Корея мағлубиятга учрашини ваъда қилди. Бундай кескин баёнотларнинг олий раҳбарнинг ўнг қўли деб ҳисобланувчи сингил томонидан берилиши ҳам турли тахминларни урчитмоқда. Бироқ халқи очликдан озғин, ўзи эса тўқликдан семириб кетган Ким Чен Иннинг курсиси келажакда кимга мерос қолишини вақт кўрсатади.

Башар Асад

Сурияни бошқариб келаётган Асадлар сулоласининг тарихи ҳарбий мулозим Ҳофиз Асаднинг давлат тўнтариши орқали 1971 йилда ҳокимият тепасига келишидан бошланади. Ҳофиз Асад нақд 30 йил – 2000 йилгача Сурияга раҳбарлик қилди. Мамлакат аҳолисини зулмга ва қонга, қашшоқлик ботқоғиға ботирди. Ўзи шиа бўлгани учун мунтазам сунний кўпчилик аҳолининг ҳуқуқларини камситиб келди. Унинг укаси Рифат диктатор акасини олий мансабдан ағдаришга уринди, лекин қуролли босқин муваффақиятсиз якунланди ва Рифат мамлакатдан қувғин қилинди.

Суриянинг ҳозирги президенти Башар Асад – марҳум диктатор Ҳофиз Асаднинг кенжа ўғли бўлиб, отасининг ўлимидан сўнг Сурияга қайтиб келган. Бунгача у узоқ йиллар Лондонда кўз шифокори бўлиб ишлаган. Башар Асад ўзига қолдирилган “мерос”га эга чиқиш учун сайловлар ўтказди ва қалбаки овозлар ёрдамида 97 фоиз овоз билан бу лавозимга ўтирди. У шундан буён – 23 йилдан бери авторитар ва диктатор президент сифатида Сурияни зулм исканжасида ушлаб турибди. Айнан Башар Асаднинг нотўғри миллий-диний сиёсати, коррупция ва ўғирликлари боис Сурия фуқаролар уруши ботқоқоғига ботди. Халқнинг сабр косаси тўлиб-тошди. Суриянинг азалдан СССР, кейин эса Россия ҳимоясида бўлгани Башар Асад ҳокимиятига ҳам мерос бўлиб ўтди. Владимир Путиннинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашига жавобан Башар Асад рус тилини Сурия мактабларида ўқитиладиган иккинчи тилга айлантирди.

Башар Асад отаси Ҳафиз Асад ва онаси даврасида.

Башар Асаднинг 3 фарзанди бор: 20 яшар қизи Зайн Асад , 22 яшар ўғли Карим Асад ва 19 яшар ўғли Ҳофиз Асад Сурия “тахтига” зимдан кўз тикиб юришибди.

Фидел Кастро

Куба “команданте”си Фидел Кастро (1926-2016) ҳаёти давомида 3 хотинидан 7 фарзанд кўрган. Булар Фидел тан олганлари холос. Айрим маълумотларга кўра, Фиделнинг никоҳсиз туғилган болалари 50 дан зиёд.

Кастро катта ўғлининг исми ҳам Фидел. У СССРда ядро физиги мутахассислигини олган. Фидел Кубага қайтиб келгач, унга атом энергияси бўйича давлат комиссиясининг раҳбари лавозимини “ҳадя қилишган”. У, шунингдек, саноат вазири ёрдамчиси ва Куба фанлар академияси вице-президенти ҳам бўлган. Отасининг ўлимидан сўнг – 2016 йилда чуқур тушкунликка тушиб қолган ва 2018 йилда ўз жонига қасд қилган.

Кубани 30 йилдан зиёд бошқарган Фидел Кастронинг қизи Алина 1993 йилда испаниялик сайёҳ қиёфасида АҚШга қочиб ўтган. Алина АҚШда кескин аксилкоммунист фаолга айланди ва Кастро тузумини қоралаш билан шуғулланди. Алина "Кастронинг қувғиндаги қизи хотиралари” китобини ёзган бўлиб, бу асарида отаси, опа-сингиллари ва ака-укалари ҳақида ҳикоя қилади.

Фидел Кастро қизи Алина билан.

Қизиқ жиҳати, Кастронинг барча фарзандларининг исми “А”ҳарфидан бошланади: Алекс, Александр, Алехандро, Антонио, Анхелита... Чунки “Куба инқилоби доҳийси”нинг иккинчи исми – Алехандро. “Доҳий”нинг тўлиқ исми – Фидел Кастро Алехандро Рус.

Санаб адоғига етиб бўлмайди

Бу каби мисоллар тарихда кўп учраган ва шу кунларда бундай “ворислик” қиссаларига гувоҳ бўляпмиз. Яна бир қизиқ жиҳати – бутун умр АҚШ ва Ғарбни сўкиш ёрдамида сиёсий популизмни ривожлантирган собиқ коммунист раҳбарларнинг фарзандлари ҳозир ўша “чириган” ғарбдан бошпана топган. Айрим давлатларнинг собиқ куч ишлатар тизимлари раҳбарлари ҳам хорижда 2 йилдан кўпроқ юрган мигрантга ола кўз билан қарайдиган тизимни яратгани ҳолда, ўзи нафақага чиққанидан кейин ўша “душман” Европа давлатларининг бирида тинчгина умргузаронлик қилишни маъқул кўради. Ҳатто ўзини халқига камбағалпарвар раҳбар сифатида кўрсатган, Ғарб технологиялари ва неъматларидан фойдаланишни хоинлик дея жавраган Ким Чен Ир ҳам фақат Ғарб таомларини хуш кўрган. Johnnie Walker Swing скотчи ва Hennessy XO конягини ичишга ружу қўйган. Шимолий Корея халқи очликдан қирилаётган, аҳолининг ўртача ойлик маоши 5-10 доллардан ошмаган бир шароитда, Ким Чен Ир фақатгина Hennessy XO конягига йилига 800 минг доллар халқ пулини сарфлаган. Ҳозир ҳам компютер ва мобил телефон, интернет каби Ғарб “неъматлари” фақат олий мансабдаги коммунистлар учун мумкин. Оддий халқнинг улардан фойдаланиши тақиқланади. Акс ҳолда Ғарб уларнинг онгини "заҳарлаши" мумкин эмиш.

Бундай ҳолатлар асрлардан бери такрорланиб келади. Фақат бир нарса ўзгармайди: бу диктаторлар ва уларнинг “бўрибойваччалари” гўзал ва бой ҳаёт кечириши учун меҳнат қилиб бели букилган ва азоб тортган халқ ўзгармайди. У ҳар доимгидек, “буюк келажак”ни кутиб яшайди. Замонавий подшолар тўқиган ёлғон ва аллалар, таги пуч умид-орзулар билан ўзини овутиб, омон қолиш учун кун кечиради. Ҳа, айнан кун кечиради. Яшашни эса уларнинг бошига чиқиб олган диктаторлар ва уларнинг ҳамтовоқлари ўз зиммасига олган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+