Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси 4,5 млн сўм билан ушланди
У фуқаролардан бирига имтиёзли кредит олиб бериш эвазига пул талаб қилган.

Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида фуқарога имтиёзли кредит олиб бериш эвазига пул талаб қилган ҳоким ёрдамчисига суд ҳукми ўқилди.
"Замон" дастурига кўра, тумандаги Яккатерак МФЙда ишлаган ҳоким ёрдамчиси фуқарога 33 млн сўмлик имтиёзли кредитдан икки марта (жами 66 млн сўм) олиб беришни ваъда қилган.
Бунинг эвазига ундан 4,5 млн сўм олган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўтказган тадбирда ҳоким ёрдамчиси тумандаги маъмурий бинолардан бирида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ тумани суди ҳукмига кўра, айбланувчига ЖКнинг 45-моддасини қўлланиб, 168-моддаси 3-қисми "в" банди билан 2 йилга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилди. Шунингдек, у раҳбарлик ва моддий жавобгарлик талаб этиладиган лавозимларида ишлай олмайди ва даромадининг 20 фоизи ушлаб қолинади.