platina.uz

Ички ишлар ходимларини тасвирга олганларни жазолайдиган қонун лойиҳаси юмшатилди

Катта муҳкамаларга сабаб бўлган ушбу қонун бўйича белгиланган жарима ва қамоқ жазолари ҳам қисқартирилмоқда.

Жамият
24 январь, 11:45
Ички ишлар ходимларини тасвирга олганларни жазолайдиган қонун лойиҳаси юмшатилди

Ички ишлар ходимларининг тасвирини уларни обрўсизлантиришга олиб келадиган тарзда бузиб тарқатмаслик, яъни ходимнинг ҳаракатлари, сўзлари ва юз берган ҳолатни бузмаслик, шу мақсадда монтаж қилмаслик талаб этилмоқда.

Бугун бўлиб ўтаётган Сенат ялпи мажлисида мазкур қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур қонун 2024 йил 16 августда ўтган ялпи мажлисда ҳам кўрилган эди. Ўша пайтда киритилган "ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини фото ва видеотасвирлар орқали обрўсизлантириш мақсадида, яъни ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар интернетга жойлаштирилмаслиги" ҳақидаги нормадан "ёлғон ва ноаниқ" сўзлари чиқариб ташланди.

Бунда фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото, видео тасвирга тушириш ва тасвирларни тарқатиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тўлиқ сақланиб қолмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ушбу моддада “ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган фото – ва (ёки) видеотасвирни уларни обрўсизлантиришга олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш” учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Мазкур модда санкциясида белгиланган жарима миқдорлари ҳам қайтадан кўриб чиқилиб, қатъий белгиланган БҲМнинг 50 баробари миқдоридаги жарима 20 баравардан 50 бараваргача этиб, қатъий белгиланган 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш 10 суткагача қисқартирилмоқда, яъни ҳолатдан келиб чиқиб, судя ундан ҳам камроқ муддат белгилаши мумкин.

Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Энди уни президент имзолаши керак.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+