platina.uz

Хориждан мунтазам пул жўнатувчи мигрантларга ипотека берилиши мумкин

Президент ипотека дастури доирасида йиғилиш ўтказмоқда. 18 минг хонадон газда индивидуал иситиладиган қилиб қурилгани учун фойдаланишга қабул қилинмай турибди. 

Иқтисод
23 январь, 16:23
Хориждан мунтазам пул жўнатувчи мигрантларга ипотека берилиши мумкин

Шавкат Мирзиёев раислигида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистондат 2030 йилгача камида 100 та “Янги Ўзбекистон” массивини қуриш режа қилинган.

Янги массивлар учун ерлар камида 70 минг одам яшайдиган туман маркази ёки шаҳар ҳудудига 1-2 километр масофадаги жойдан ажратилади. Бу массивларнинг ҳар бирида 100 минг квадрат метр хонадон қурилади.

Жорий йил “Янги Ўзбекистон” массивлари инфратузилмаси учун 1,2 триллион сўм берилади.

Ҳозир “Янги Ўзбекистон” массиви учун масъул ягона ташкилот бўлмагани учун, ер қаердан ажратилади, инфратузилма қандай бўлади, қаерга дарахт экилади, суғориш ва дренаж тизими қанақа ўтказилади, деган саволларга жавоб йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, бу ишларни ташкиллаштириш учун “Ўз уйим” компанияси ташкил қилинади. Ушбу компания “Янги Ўзбекистон” массивларига ер танлаш, лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишга масъул бўлади.

Мутасаддиларга халқаро экспертларни жалб қилиб, келгуси беш йил учун уй-жой сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.

Ўтказилган мулоқотларда девелоперларнинг кўпчилиги ер олиш, кредит, қурилишга рухсат, инфратузилма, фойдаланишга топшириш, уйларни сотиш билан боғлиқ масалаларни кўтарган.

Мисол учун, ўтган йили 5 минг хонадонли 150 та кўп қаватли уй айланма маблағ етмагани учун битмай қолган. Бу борада банкларнинг хориждан жалб қилинган маблағдан 310 миллион долларни қурувчиларга айланма учун бериш таклифи маъқулланди.

18 минг хонадон газда индивидуал иситиладиган қилиб қурилгани учун фойдаланишга қабул қилинмай турибди. Мутасаддиларга ишчи гуруҳи тузиб, ҳар бир ҳолатни ўрганиб, масаланинг ечими бўйича Ҳукуматга таклиф киритиш топширилди.

Бу йил 135 минг хонадонли кўп қаватли уйларни марказлашган ҳолда иситиладиган, овқат пишириш эса электр плитаси орқали бўладиган қилиб қуриш зарурлиги қайд этилди.

Марказий ва ички кўчаларни ёритишда исрофгарчиликни қисқартириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Ҳудудларда лифтларни қабул қилиш 2-3 ойга чўзилаётгани сабабли ҳар бир вилоятда камида 2 тадан бригада ташкил қилиш, 20 нафардан аҳолини лифтларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга ўқитиш вазифаси қўйилди.

Мамлакатимизда аҳолига расмий иш жойи бўлмаса ҳам, даромадини декларация асосида ҳисобга олиб, ипотека кредити олиши учун имконият яратилган.

Лекин ҳозирда хорижга ишлашга кетганларга “Ўзбекистонда расмий даромади йўқ”, деган важ билан кредит ва субсидия берилмаяпти.

Мутасаддиларга хорижда меҳнат қилаётган ва олти ой ичида мунтазам пул ўтказиб келаётган фуқаролар даромадини ҳисобга оладиган тизим яратиш топширилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+