Асосий ставка йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди
2024 йил декабрида умумий инфляция даражаси йиллик 9,8 фоизни ташкил этди.
Марказий асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.
Умумий инфляция даражаси 2024 йил октябрь ойидан пасайиш трендига ўтиб, декабрда йиллик 9,8 фоизни ташкил этди. Ушбу трендга нархлар барқарорлашувининг мустаҳкамланаётганлигининг ифодаси сифатида қараш мумкин.
2024 йил якунида истеъмол саватидаги товар ва хизматларнинг тўртдан уч қисмида нархлар ўсиши 2023 йилга нисбатан секинлашди.
Айни пайтда, декабрь ойида базавий инфляция бироз тезлашиб, 7,2 фоизгача ошди. Бунда хизматлар ва ноозиқ-овқат товарлари базавий инфляцияси нисбатан юқори даражада шаклланаётгани таклиф омиллари билан бир қаторда ялпи талаб ортиши билан боғлиқ инфляцияни келтириб чиқарувчи омиллар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Иқтисодиётда 2023-2024 йиллардаги истеъмол ва инвестицион фаолликнинг юқори даражаси сақланиб қолмоқда. Хусусан, иш ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг юқори ўсиши аҳоли реал даромадлари ошишига хизмат қилди. Бу эса юқори иқтисодий фаоллик фонида келгуси ойларда ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватловчи таъсирга эга бўлиб, базавий инфляцияга оширувчи босим яратиши мумкин.
2024 йил ноябрь-декабрь ойларида мавсумий характерга эга таклиф омилларининг намоён бўлиши ҳисобига аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмалари даражасида ўсиш қайд этилган.