Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатишга келишди
Бу урушни бутунлай тугатиш йўлида дастлабки қадам сифатида баҳоланмоқда.
Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторида 2023 йил октябр ойидан бери давом этаётган урушни тугатишга келишиб олди.
Бу ҳақда дастлаб Қатар бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон ат-Тани, сўнгра АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп хабар берди.
Шунингдек, келишув доирасида Фаластин гуруҳи исроиллик гаровга олинганларнинг бир қисмини озод қилишга рози бўлди. Бу ҳақда Ал-Тани матбуот анжуманида айтиб ўтди. Унинг чиқишидан олдин келишув ҳақидаги хабарлар музокаралар жараёнига яқин манбалардан олинган маълумотларга асосланган эди.
Қатар музокараларда асосий воситачилардан бири сифатида иштирок этди ва томонларнинг билвосита учрашувлари учун ўз ҳудудини тақдим этди. Қатар бош вазири ва ҲАМАС вакиллари ўртасида ҳамда Исроил вакиллари билан алоҳида учрашувларда Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришилгани хабар қилинди. Ал-Тани сўзларига кўра, Исроил ҳукумати бунга рози бўлса, сулҳ 19 январ, якшанба куни кучга киради.
Оташкесим бошланишининг аниқ вақти ҳали аниқланмаган, деди у. Исроил ҳукумати келишув шартлари бўйича ҳали овоз бергани йўқ.
Reuters манбасининг айтишича, пайшанба куни овоз бериш кутилмоқда ва кўпчилик вазирлар келишувни қўллаб-қувватламоқчи. Маълумки, ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ўзининг хорижий ташрифини фақат охирги соатларда тўхтатиб, зудлик билан ватанига қайтган.
BBCнинг ҲАМАСдаги манбаси аввалроқ гуруҳ келишув шартларини маъқуллаганини тасдиқлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ғазода 2023 йил октябрдан бери давом этаётган урушда 50 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди.