platina.uz

Маҳалла раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилмоқда

Сайловлар 2025 йил май ойида бўлиб ўтади.  

Жамият
14 январь, 14:55
Маҳалла раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилмоқда

Энди Ўзбекистонда маҳалла раислари 3 йил эмас, беш йилга сайланади. Сайловлар 2025 йил май ойида бўлиб ўтиши белгиланган.

"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан қуйидагилар белгиланмоқда:

– фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатини уч йилдан беш йилга ўзгартириш;

– фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда бўшаб қолган ўринларга янги сайлов ўтказиш орқали фуқаролар йиғини раисини беш йил муддатга сайлаш тартибини белгилаш;

– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ўтказиш;

– Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатлари Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларига ўтказиш;

– Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларининг номини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари сифатида ўзгартириш назарда тутилмоқда.

"Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятини ҳамда фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ишини самарали ташкил этилишига хизмат қилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларининг сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасида масъулияти ошади ҳамда бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси сайловини ўз вақтида ўтказилиши таъминланади", дейилади хабарда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+