platina.uz

Ёқилғи маҳсулотлари учун олинадиган акциз солиғи 10 фоизга оширилади

Энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликларнинг 1 литри учун амалдаги 2 000 сўмлик акциз солиғи ставкаси эса сақлаб қолинади. 

Иқтисод
13 январь, 14:55
Ёқилғи маҳсулотлари учун олинадиган акциз солиғи 10 фоизга оширилади

Апрел ойидан ёқилғи маҳсулотлари акциз солиғи оширилади.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб нефт маҳсулотлари, хусусан бензин, авиакеросин, дизел ёқилғиси, ЭКО дизел ёқилғиси, дизел ёки карбюратор (инжектор) двигателлари учун мотор мойи ҳамда якуний истеъмолчига реализация қилинадиган бензин, дизел ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газ учун тўланадиган акциз солиғи ставкаларини 10 фоизга ошириш режалаштирилмоқда.

Ушбу солиқ ставкаларининг оширилиши нефт маҳсулотларининг чакана нархига сезиларли даражада таъсир кўрсатмайди, дейилади Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган бюджетномада.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб таркибида шакар мавжуд бўлган газланмаган салқин чойлар, мева шарбатлари, саноат усулида ишлаб чиқарилган компотларнинг ва бошқа газланмаган шакарли ичимликларнинг 1 литри учун ҳам 500 сўм миқдорида акциз солиғини жорий этиш мўлжалланмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2023 йилдаги “Таркибида шакар ва ширинлаштирувчи моддалар бўлган ичимликларни солиққа тортиш юзасидан халқаро ҳисоботи”да таркибига шакар ва ширинлаштирувчи моддалар қўшилган барча ичимликларга акциз солиғи қўллашни тавсия қилган.

Бунда мева ва сабзавотлардан тайёрланган, табиий ширин (таркибида фруктоза, глюкоза) бўлган ва қўшимча шакар қўшилмаган шарбатлар учун акциз солиғи қўлланилмайди.

Хорватия, Малайзия, Мексика, Нидерландия, Саудия Арабистони, Туркия, БАА мамлакатларида ширинлаштирувчи (шакар) моддалар қўшилган шарбатларга акциз солиғи жорий этилган.

Бугунги кунда республикада ишлаб чиқарилаётган 6 хил бренддаги 18 хил шарбат маҳсулотларининг 1 литрида ўртача 90 гр, 4 хил салқин чой ичимликларнинг 1 литрида ўртача 73 гр шакар мавжуд.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб бошқа ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар мавжуд бўлган газланган ичимликларнинг 1 литри учун акциз солиғини эса амалдаги 500 сўмдан 300 сўмгача пасайтириш ва газланмаганига ҳам шу миқдорда жорий этилади.

Солиқ ставкасининг пасайиши натижасида мазкур турдаги ичимликнинг 1 литр чакана нархидаги (мисол учун, 10 минг сўм) акциз солиғи улуши 5 фоиздан 3 фоизгача камайиши кутилмоқда.

Энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликларнинг 1 литри учун амалдаги 2 000 сўмлик акциз солиғи ставкаси сақлаб қолинади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+