platina.uz
Иқтисод

Дунё ва Ўзбекистонда нархи ошиб бораётган бензин

Эрон Ҳормуз бўғози орқали урушдан аввалги даврдан-да кўра кўпроқ нефт экспорт қилмоқда. Бу эса Эрон ушбу бўғозни ўз назоратига олгани ва монопол мавқени эгаллаганини англатади.

Дунё ва Ўзбекистонда нархи ошиб бораётган бензин
Фотоколлаж: Platina.uz

Сўнгги йилларда бензин нархининг ошиши дунёдаги кўплаб давлатларда энг кўп муҳокама қилинаётган иқтисодий муаммолардан бирига айланди. Ёқилғи стратегик ресурс ҳисобланади: унинг нархи транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги фаолиятига ва натижада аҳолининг турмуш даражасига бевосита таъсир қилади.

2024-2026 йиллардан бошлаб жаҳон иқтисодиёти нефт маҳсулотлари нархининг яна бир ўсиш тўлқинига дуч келмоқда. Бу ҳолатнинг сабаблари ҳам глобал геосиёсий омиллар, ҳам айрим давлатларнинг ички иқтисодий сиёсати билан боғлиқ. Айниқса, ёқилғи импортига боғлиқ давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда бу муаммо янада сезиларли намоён бўлмоқда.

Жаҳон бензин бозоридаги умумий вазият

Бензин нархи тўғридан-тўғри хом нефт нархига боғлиқ. Одатда бензиннинг якуний нархида нефт қиймати тахминан ярмини ташкил этади, қолган қисми эса қайта ишлаш, ташиш, солиқлар ва компаниялар фойдасидан шаклланади.

Сўнгги йилларда нефт бозорида сезиларли беқарорлик кузатилмоқда. 2026 йил бошида Brent маркали нефт нархи бир баррел учун қарийб 100 долларга яқинлашди. Бу, асосан, Яқин Шарқдаги геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви билан боғлиқ.

Нефт нархининг ўсишига сабаб бўлган муҳим омиллардан бири – нефт ташишдаги хавф-хатарларнинг кучайишидир. Масалан, дунё нефтининг тахминан 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғозидаги хавф-хатарлар жаҳон бозорларида нархларнинг кескин реакциясига сабаб бўлади.

Бозорни барқарорлаштириш мақсадида Халқаро энергетика агентлиги стратегик захиралардан юзлаб миллион баррел нефт чиқариш таклифини ҳам илгари сурган. Бироқ мутахассислар бундай чоралар фақат қисқа муддатли таъсир кўрсатишини таъкидлайдилар.

Геосиёсий омиллар

Тарих шуни кўрсатадики, сиёсий низолар кўпинча нефт ва бензин нархлари кескин ошишига сабаб бўлади.

Бугунги кунда асосий омиллар қуйидагилардан иборат:

Яқин Шарқдаги можаролар

Бу минтақа дунёдаги энг йирик нефт етказиб берувчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар ёки нефт инфратузилмасига таҳдидлар жаҳон бозорида нархларнинг ошишига олиб келади.

Хусусан, 28 февралда Эрон ва АҚШ-Исроил коалицияси ўртасидаги ракета ва дронлар уруши натижасида минтақадаги кўплаб нефт ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва ташув тизимлари ишдан чиқди. Натижада нефт нархи, демакки, бензин нархи ҳам тез суръатларда оша бошлади.

Айниқса, Эроннинг Ҳормуз бўғозини блоклагани, 10 тача сув миналари ўрнатгани боис жаҳондаги нефт ва газ ташувининг 20 фоизи амалга ошириладиган йўлакдан кемалар ва танкерлар ўта олмаяпти. Эроннинг ваъда беришича, дунё нефтнинг 1 баррели 200 доллар бўлишига кўника бошлаши лозим.

Оятулло режими ҳали-бери бўғозни очишни режалаштирмаяпти. Бунинг учун минтақа давлатларининг АҚШ ва Эрон базалари ва дипломатларини ҳайдаш каби ҳақоратли ва ахмоқона талаблар қўйилган.

Ўзини Ислом республикаси деб атаса-да, мусулмон давлатларини вайрон қилаётган (аввалдан вайрон қилиб келган) Эрон режими бу сафар ҳам бўғоздан ўтиш учун фақат 2 та давлатга – исломофобия ва миллатчилик кучли бўлган Россия ва Ҳиндистонга ўтиш учун рухсат берди.

Wall Street Journal нашрининг маълум қилишича, бу можаро боис Эрон Ҳормуз бўғози орқали урушдан аввалги даврдан-да кўра кўпроқ нефт экспорт қилмоқда. Бу эса Эрон ушбу бўғозни ўз назоратига олгани ва монопол мавқени эгаллаганини англатади.

Халқаро санкциялар

Қолаверса, яқинда Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларни олиб ташламаслик ҳақида қарор қилди. Россиянинг соя флотига қарши “ов” ҳам бекор қилингани йўқ. Нефт экспорт қилувчи давлатларга нисбатан қўлланиладиган иқтисодий санкциялар ва бошқа жиҳатлар ҳам бозордаги таклифни пасайтириб, талаб ортишига ва пировардида энергоресурслар нархининг ортишига сабаб бўлади. Шунингдек, нефт танкерларига ҳужумлар ёки муҳим денгиз йўлларининг ёпилиши глобал энергетик инқирозга сабаб бўлиши табиий.

Иқтисодий сабаблар

Бензин нархига фақат сиёсий эмас, балки иқтисодий омиллар ҳам катта таъсир кўрсатади. Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши энергия истеъмолининг ортишига олиб келади. Автомобиллар сонининг кўпайиши, авиация ва логистика тармоқларининг ривожланиши ёқилғига бўлган талабни оширади.

Энергия нархининг ошиши эса инфляцияни кучайтиради, чунки ёқилғи деярли барча ишлаб чиқариш жараёнларида ишлатилади.

Шу билан бирга, нефт импорт қилувчи давлатлар учун миллий валютанинг қадрсизланиши ёқилғи нархининг янада ошишига сабаб бўлади.

Энергетика сиёсати ва нефт бозори

Бензин нархи нефт ишлаб чиқарувчи давлатлар сиёсатига ҳам боғлиқ.

Йирик экспортёр давлатлар нефт қазиб чиқариш ҳажмини камайтирса, бозорда таклиф қисқаради ва бу нархларнинг ўсишига олиб келади.

Бироқ узоқ муддатли истиқболда энергетика бозоридаги ўзгаришлар муқобил энергия манбаларининг ривожланиши ва электромобиллар сонининг ортиши билан боғлиқ.

Европа давлатларида миллионлаб электромобиллардан фойдаланилмоқда. Бу эса иқтисодиётнинг нефтга бўлган қарамлигини аста-секин камайтирмоқда.

Шунга қарамасдан, яқин ўн йилликларда бензиндан тўлиқ воз кечиш имкони ҳали мавжуд эмас.

Давлатлар томонидан кўрилаётган чоралар

Бензин нархини назорат қилиш учун давлатлар турли иқтисодий механизмлардан фойдаланадилар.

Энг кенг тарқалган чоралар сифатида ёқилғи субсидиялари, бензинга солиқларни камайтириш, стратегик нефт захираларидан фойдаланиш, ички бозорда нархларни тартибга солиш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш каби чораларни санаш мумкин. Лекин бундай чоралар ҳамиша ҳам узоқ муддатли ечим бўла олмайди. Масалан, субсидиялар аҳолига ёрдам беради, лекин давлат бюджетига катта юк бўлиб тушади.

Ўзбекистонда бензин бозори

Ўзбекистонда бензин нархининг ошиши ҳам ташқи, ҳам ички омиллар билан боғлиқ.

Сўнгги йилларда ёқилғи нархи сезиларли даражада ўсди. Масалан, айрим автозаправкаларда АИ-80 бензини нархи 9100 сўмгача етди.

Биржа савдоларида эса бензин нархи тарихий юқори даражаларга – тоннаси учун 10 миллион сўмдан ортиқ кўрсаткичларгача етган ҳолатлар кузатилди.

Бунинг сабаблари юқорида зикр этилган омиллардан ташқари, ишлаб чиқариш ҳажмига ҳам боғлиқ. Зеро, сўнгги йилларда мамлакатда нефт қазиб чиқариш ва бензин ишлаб чиқариш ҳажмлари маълум даражада камайди. Бу эса импортга бўлган эҳтиёжни оширди. Қолавреса, ёқилғи нархларига қўйилган чекловларнинг босқичма-босқич бекор қилиниши бозор нархларининг ўсишига олиб келди.

Импортга қарамлик

Айрим ҳолларда ёқилғи импорт қилиш зарурати туғилади. Халқаро бозордаги ўзгаришлар ички нархларга ҳам таъсир кўрсатади. Умуман, бензин нархининг ошиши иқтисодиётнинг деярли барча соҳаларига таъсир кўрсатади.

Ёқилғи қимматлашиши транспорт хизматлари нархининг ошишига сабаб бўлади. Транспорт харажатлари маҳсулот таннархининг бир қисми ҳисобланади. Шунинг учун бензин нархи ошиши бошқа товарлар нархига ҳам таъсир қилади. Энергия ресурсларининг қимматлашиши инфляциянинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Муаммони ҳал қилиш йўллари

Ёқилғи нархларини барқарорлаштириш учун комплекс чора-тадбирлар зарур.

Аввало, миллий нефт қайта ишлаш саноатини ривожлантириш лозим. Бу қадам ички ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва импортга боғлиқликни камайтиради.

Шунингдек, ёқилғи таъминотини диверсификация қилиш талаб этилади. Бу бўйича турли давлатлар билан ҳамкорлик қилиш таъминот хавфларини камайтиради.

Муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга уринишларни ҳам кенгайтирган маъқул. Электромобиллар ва қайта тикланувчи энергия манбалари бензинга бўлган талабни камайтириши мумкин.

Ва албатта тежамкорликни, айниқса энергия самарадорлигини ошириш чораларини фаромуш қилмаслик лозим. Жумладан, жамоат транспортини ривожлантириш ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ёқилғи истеъмолини камайтиради.

Хулоса

Бензин нархининг ошиши – глобал ва миллий омиллар ўзаро таъсири натижасида юзага келадиган мураккаб иқтисодий жараёндир.

Геосиёсий можаролар, нефт бозоридаги ўзгаришлар, инфляция ва энергетика соҳасидаги ислоҳотлар бу жараённи янада кучайтиради.

Ўзбекистон учун бу муаммони ҳал қилиш узоқ муддатли стратегияни талаб қилади. Энергетика тармоғини модернизация қилиш, таъминот манбаларини диверсификация қилиш ва муқобил энергияни ривожлантириш орқали мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid